Нуронийлар ДХМ ходимларидан миннатдор
Фото: Халқ сўзи
Фаолияти замирида халқ оғирини енгил қилиш, «давлат-фуқаро» муносабатларида қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадлари мужассам тузилма — Давлат хизматлари марказлари жойларда сайёр қабулларни ташкил этаётгани айни муддао бўлмоқда. Ушбу марказлар томонидан махсус жиҳозланган автобуслар чекка маҳаллаларда бўлиб, аҳоли мурожаатлари асосида давлат хизматлари кўрсатиши одатий ҳолга айланди.
Андижон вилояти Шаҳрихон туманида ДХМ ходимлари кекса ёшдаги отахон ва онахонларнинг яшаш уйларида бўлиб, уларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларини ҳал этиб бераётгани янада эътиборлидир.
— Ўзим яшаб турган уйнинг кадастр ҳужжатлари йўқ эди, — дейди Шаҳрихон тумани Янги Найнаво маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Жўрабой ота Маллаев. — Давлат хизматлари марказига қўнғироқ қилиб, маслаҳат сўраган эдим, уларнинг ўзлари уйимга кириб келишди. Авваллари арзимаган битта ҳужжат учун туман марказига боришга, керак бўлса, кунлаб навбат кутишга тўғри келган пайтларни эслайман. Бугун эса давлат идоралари ходимларининг уйимга келиб, бир зумда мушкулимни осон қилишганидан бошим осмонда.
Туманнинг Шокирбой номидаги маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони, 78 ёшли Иноятхон ая Ғаниева ҳам туман ДХМ ходимларидан миннатдор.
— Ҳозир пенсия масаласида янгиликлар кўпайиб кетди, — дейди онахон. — Шу бўйича Давлат хизматлари марказига қўнғироқ қилиб, тушунмаганларимни сўраган эдим, уйимга келиб, батафсил тушунтиришди. Қандай муаммоларим борлигини сўрашди, беминнат ёрдам беришди. Бундан жуда хурсандман!
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг