Ноқонуний кўмир савдосининг олди олинди
Куз-қиш мавсуми яқинлашиши билан кўмир савдосига «жон киради». Бу яхши, албатта! Боиси, тадбиркорларнинг саъй-ҳаракати билан қаҳратон қишдан ҳам эсон-омон чиқиб оламиз. Бироқ, мана шундай вазиятдан унумли фойдаланиб қолишга ҳаракат қиладиган айрим юртдошларимиз ҳам борки, улар ўзларининг ноқонуний савдо фаолияти билан маҳсулот тақчиллигини юзага келтирибгина қолмасдан, нарх-навонинг ортиб кетишига ҳам сабабчи бўладилар. Шу боис Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан бу каби ҳаракатларнинг олдини олиш, истеъмолчилар манфаатини ҳимоя қилиш борасидаги назорат тадбирлари бошлаб юборилди. Жумладан, Жалақудуқ туманилик Ҳамидилло Мирзаевнинг амалдаги тартибларга зид бўлган ҳаракатига чек қўйилди. Унинг «Ғозичеки» маҳалласи ҳудудида давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда, савдо қоидаларига амал қилмай 26 миллион 710 минг сўмлик 24 тонна кўмирни сотаётгани аниқланди. Ҳуқуқбузарга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, савдога қўйилган 24 тонна кўмир маҳсулоти вақтинчалик далилий ашё сифатида олиб қўйилди.
Мамлакатимизда кўмир савдосини ташкил этувчи тадбиркорлар сафининг ортишидан энг аввало, истеъмолчилар манфаатдор. Бироқ, уларнинг ҳуқуқий манфаатлари бузилишига ҳам йўл қўйиб бўлмайди. Шундай экан, бу борада энг аввало, ноқонуний ҳаракатларни бартараф этиш мақсадга мувофиқдир.
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг