Нега ернинг шўри қишда ювилади?
Фото: Халқ сўзи
Қадимдан ота-боболаримиз деҳқончилик қилинадиган ерларда қишда шўр ювиш, чилла сувига тўйинтириш юмушларига алоҳида эътибор билан ёндашган. Миришкорларнинг фикрича, шўри ювилган ер турли ҳашорат ва зараркунандалардан тозаланади, ҳосилдорлиги ортади. Аграр соҳа олимлари ҳам ернинг шўри ювилганида ҳосилдорлик гектарига 5 центнергача ошишини қайд этишади.
— Бободеҳқонларимиз таъбири билан айтганда, кузнинг ҳосили қишда ҳал бўлади, — дейди Фарғона вилоятидаги «Сирдарё-Сўх» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Ҳамиджон Бурҳонов. — Шунга кўра вилоятимиз ҳудудларида кузги-қишки юмушларни амалга ошириш, сув иншоотларини таъмирлаш, шўр ювиш, чилла суви бериш каби ишларни ташкил этиш мақсадида кўргазмали семинарлар ўтказилди.
Бу мавсумда вилоят бўйича 54 минг 340 гектар ернинг шўрини ювиш режалаштирилган бўлиб, шу мақсадда 101 та шўр ювиш отрядлари тузилди. Уларга пол олиш тракторлари, полларни сув билан тўлдириш учун масъуллар бириктирилди.
Айни жараёнда экин ерларининг шўрланиш даражаси ўрганилиб, унинг тупроқ таркиби, мелиоратив ҳолати, қай даражада шўри ювилса, тозаланиши мелиорация экспедицияси мутахассислари томонидан ўрганилди. Бугунги кунда вилоятнинг барча ҳудудларида мелиорация, ирригация бўлимлари, махсус хизмат ходимлари пахта-тўқимачилик кластерлари, фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда белгиланган ишларни изчил бажармоқдалар.
Шу кунларда Катта Фарғона, Жанубий Фарғона, Катта Андижон магистраль каналлари суви маълум муддатга тўхтатилган. Бундан кўзланган мақсад ўз вақтида экин майдонларида шўр ювиш ишларини сифатли якунлашга қаратилган.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг