«Навоийуран» Кузатув кенгашининг АҚШлик мустақил аъзоси корхонада бўлди

16:38 17 Март 2023 Жамият
611 0

Фото: Халқ сўзи

Президентимизнинг 2022 йил 14 июлдаги «2022-2030 йилларда «Навоийуран» давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори мамлакатимизда уран хомашёси ишлаб чиқаришда ягона ҳисобланган корхона ҳаётида янги саҳифа очди.

Мазкур қарорда 2030 йилга қадар республикамизда уран минерал хомашёси базасини 100 минг тоннага етказиш, табиий уран маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳажмини икки баравар, аммоний перренатини 1,7 баробарга ошириш, корхона иқтисодий салоҳиятини тўлақонли намойиш этиш мақсадида уран захиралари ва ресурслари геологияси, уларни қазиб олиш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, миллий ва халқаро стандартлар асосидаги молиявий ҳисоботлари бўйича маълумотларни расман эълон қилиш бўйича чекловларни олиб ташлаш вазифалари белгиланган.

— Шунингдек, янги конларни очишни таъминлашга йўналтирилган геология-қидирув ва илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш, уларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, «Навоийуран» ДК трансформациясини жадаллаштириш орқали замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш каби мақсадлар учун қарийб 500 млн. долларлик инвестиция лойиҳаларини амалиётга татбиқ этиш назарда тутилади, — дейди корхона Бош директори Жаҳонгир Ҳасанов. —  Бунинг учун уларнинг ишчи лойиҳалари, техник-иқтисодий асослари ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасини пухта ва мукаммал тайёрлаш учун хорижий ҳамда маҳаллий консалтинг-лойиҳалаш компаниялари жалб қилинади.

Таъкидлаш жоиз, мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Навоийуран» давлат корхонаси бир қатор ривожланган мамлакатларнинг йирик компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб, мунтазам мулоқотлар ўтказилмоқда.

Корхона Кузатув кенгашининг АҚШлик мустақил аъзоси Ким Кевин Гвангилнинг «Навоийуран»га ташрифини шундай ҳамкорлик сирасига киритиш мумкин.

Ташриф доирасида Кузатув кенгашининг мустақил аъзоси дастлаб корхона маъмурияти билан мулоқот ўтказиб, унда Бош директор Ж. Хасанов мамлакатимизда уран саноати тарихи, корхона таркибий бўлинмалари, геотехнологик конлар ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, трансформация жараёнлари, замонавий корпоратив бошқарув тизими, «йўл харитаси» бандларининг бажарилиши бўйича бўйича маълумот берди.

Ўз навбатида Ким Кевин Гвангил Ўзбекистонга илк ташрифи таассуротларини, корхона фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлгани ва бу учрашувдан мамнунлигини билдириб, корхонанинг трансформацияси ҳамда ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича ўз тавсияларини беришини маълум қилди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер