Навоийлик талабалар Мадрид политехника университетида таълим олишади
Фото: “Халқ сўзи”
Навоий Давлат кончилик ва технологиялар университети мамлакатимиз кончилик, кимё ҳамда энергетика саноати учун малакали мутахассислар тайёрлайдиган нуфузли олий ўқув юртларидан бири саналади. Илм даргоҳи рейтинг бўйича республикамиз олий ўқув юртлари орасида бешинчи ўринни банд этиб, қарийб 8,5 минг талабани ўз бағрига олган.
— Бу 2000 йил билан солиштирганда уч баравардан ортиқроқни ташкил этади, — дейди университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори Набижон Абдуазизов. — Шу давр ичида таълим муассасасининг илмий салоҳияти ҳам ошиб, бугун университетнинг 300 кишилик педагогик жамоасининг 29 нафари докторлик 121 нафари эса фан номзоди илмий даражасига эга.
Университетнинг 19 гектарлик ҳудудида олтмиш фоиз майдонни лабораториялар эгаллаган. Бу назарий билимларни амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳамда турли илмий изланишлар натижаларини синовдан ўтказишда ҳам қулайликлар яратади. Шунингдек, илм даргоҳи талабалари “НКМК”, “Навоий Азот”, “Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятлари ҳамда “Навоий уран” ДК каби йирик ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ўташиб, мазкур жараёнларда уларнинг аксарияти малакаларини ошириш билан бирга ўз иш ўринларига ҳам эга бўлишади.
— Таълим даргоҳимизнинг сўнгги йилларда халқаро ҳамкорлик географияси ҳам тобора кенгайиб бормоқда, — дейди университетнинг Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Шуҳрат Алиқулов. – Илгари МДҲ ҳудудидаги республикалар Олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқалари олиб борилган бўлса, ўтган йилдан эътиборан Европа Иттифоқининг бир қатор мамлакатларидаги кончилик ва энергетика соҳасидаги нуфузли ОТМлар билан мутахассис кадрлар тайёрлаш, ўқув-амалиёт жараёнларига илғор тажрибалар, инновацион ёндашувлар ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, олим ва тадқиқотчиларнинг илмий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш мақсадида бир қатор ҳамкорлик меморандумлар имзоланиб, амалий ишлар йўлга қўйилди. Хусусан, ўтган йили Испаниянинг Мадрид политехника университети билан шундай ҳамкорлик алоқалари бўйича қўшма дастурлар имзоланди.
Мазкур дастур асосида Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг бир гуруҳ олим ва тадқиқотчилари Испанияда бўлишиб, Мадрид политехника университети ҳузуридаги кончилик ва саноат мактаблари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказишди. Олиб борилган музокаралар чоғида томонлар ўртасида аввал имзоланган қўшма дастурларга мувофиқ ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш ва илмий стажировкаларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Унга кўра 2024 йил январь ойида Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг 5 нафар тадқиқотчи олимлари ва ўқитувчиларини Мадрид политехника университетига стажировка ўташ учун юборишга келишиб олинди.
— Кейинги босқичда эса, қўшма таълим дастурлари доирасида бакалавр ва магистр талабаларини ҳам Испания кончилик ва саноат мактабларида таҳсил олишини йўлга қўйиш бўйича аҳдлашилди, — дея давом этади Ш. Алиқулов. — Шунингдек, Мадрид политехника университети талабаларини Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети академик мобиллиги дастури асосида ўқитиш масалалари хусусида ҳам дастлабки келишувларга эришилди.
Сафар давомида НДКТУ олимлари Испаниянинг Овиедо шаҳрида жойлашган Овиедо университетида ҳам бўлишди. Мазкур университет раҳбарияти билан имзоланган Ҳамкорлик меморандумига асосан университетлар ўртасида ўзаро алоқаларини янада жадаллаштириш, кончилик, металлургия, кимёвий технология мутахассисликлари бўйича профессор-ўқитувчиларнинг стажировкасини Овиедо университетида ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Европа Иттифоқининг Эразмус + дастури асосида Ўзбекистон олий таълим муассасалари талабалари ва профессор-ўқитувчиларини Овиедо университети қошидаги Политехника мактабида ҳамда унинг Тадқиқот марказида қисқа муддатли стажировка ўташларини йўлга қўйиш бўйича шартнома имзолашга келишилди.
Шунингдек, эндиликда қўшма таълим дастурлари доирасида НДКТУ талабалари Мадрид политехника университети Кончилик мактабида таҳсил олади ҳамда мазкур олийгоҳнинг Илмий тадқиқот марказида маҳаллий олимларимиз тажриба алмашадилар.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг