Навоийда ноқонуний олтин қазиб олувчилар 7 млрд сўм зарар етказди
Видеодан кадр
Навоий вилоятида ноқонуний олтин қазиб олиш билан шуғулланган бир нечта ҳолат аниқланиб, уларга чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Кармана туманида бир гуруҳ шахслар давлат захирасидаги ерларда олтин таркибли рудаларни қазиб олиб, уларни кимёвий қайта ишлаш билан шуғулланган. Ушбу фаолиятга Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшовчи 1988 йилда туғилган шахс бошчилик қилган. У паррандачиликка ихтисослашган хўжалик биносини ижарага олиб, яширин цех ташкил этган.
Тезкор тадбир давомида 200 килограмм ярим тайёр олтин, 200 қоп олтин таркибли қум ва тошлар, 300 килограмм кимёвий воситалар, махсус лаборатория жиҳози, газ баллонлари ҳамда бошқа ускуналар далилий ашё сифатида олинган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат манфаатлари ва экологияга етказилган зарар 7 миллиард сўмдан ошган.
Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 196²-моддаси (фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг