Навоийда карантинда сақланган 180 нафар юртдошимиз доимий яшаш манзилларига кузатиб қўйилди.
Мазкур фуқаролар жорий йилнинг 18 март куни Миср давлатидан қайтиб, Навоий халқаро аэропортида кутиб олинган эди. Улар шу куни вилоятнинг Кармана тумани ҳудудидаги Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли соғломлаштириш марказига жойлаштирилиб, 14 кун мобайнида махсус тайёргарлик ўқувларига эга 60 нафар тиббиёт ходимларининг доимий кузатуви остида бўлдилар. Уларнинг ҳеч бирида коронавирус касаллиги аломатлари аниқланмади.
Карантин назоратига олинганларнинг 50 нафарини эркаклар, 90 нафарини аёллар ва 40 нафарини болалар ташкил этиб, улар белгиланган муддатда зарур тиббий муолажа, шахсий гигиена ва ҳимоя воситалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминланди. Уларни қутлаб кузатиш тантанасида ҳар бирига бадиий адабиётлар совға қилинди.

Бугун улар учун карантин муддати тугаб, барча юртдошларимиз ўзларининг доимий истиқомат яшаш манзилларига тегишли тартибда кузатиб қўйилди.
Темур ЭШБОЕВ,
(“Халқ сўзи”).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг