Навоийда бир йўла учта маҳалланинг янги биноси фойдаланишга топширилди

18:50 05 Сентябр 2023 Жамият
753 0

Фото: “Халқ сўзи”

Навоий шаҳрида “Зиёкор”, Қизилтепа туманида “Бунёдкор” Нурота туманида “Нуробод” маҳалла фуқаролар йиғинларининг янги ва замонавий бинолари қад ростлади.

Ташқи кўринишидан бир-бирини такрорламайдиган мазкур иморатларда маҳаллани жамиятнинг кичик бўғини сифатида шакллантириш, оилаларда тинчлик-тотувликни таъминлаш, жиноятчиликни олдини олишдек муҳим вазифаларни амалга ошириши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.

— Ҳар бир ҳудудида самарали иш олиб бориш маҳалла фаоллари фаолиятининг бош мезонига айланиши лозим, — дейди Қизилтепа туманидаги “Бунёдкор” МФЙ янги биноси очилиши тантаналарида сўзга чиққан вилоят ҳокими Н. Турсунов. – Шу мақсадда мамлакатимизда маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ходимлар учун барча шарт-шароитларни яратиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Зеро, ҳар бир маҳалла ўзининг кутубхонаси, спорт майдончасига эга бўлиши зарурлиги, ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши изчиллик билан таъминланмоқда. Бундан кўзланган мақсад мамлакат тараққиётининг муҳим босқичида, аввало, маҳалла институти фаолиятини янада такомиллаштириш ва нуфузини юксалтиришга қаратилгандир.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан яратилган камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва “маҳаллабай” ишлаш бўйича янгича тизим самараси ўлароқ вилоятда биргина жорий йилнинг дастлабки олти ойида 192,2 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди. “Маҳаллабай” ишлаш тизими орқали 1,4 мингта микро ва кичик лойиҳалар амалга оширилиб, 5,6 минг нафар аҳоли ўз иш жойларига эга бўлди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, сўнгги бир йилда умумий ҳажми 17 миллиард сўмлик 20 та маҳалла биносининг янгидан бунёд этилгани эса “маҳалла бешлиги” самарали фаолияти учун муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур тадбирлар доирасида мутасаддилар ҳар бир маҳаллада аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказишиб, уларни ташвишга солаётган муаммоларни ўргандилар.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер