Навоий вилоятига жорий йилда 70 минг бош майда шохли мол импорт қилинади
Республика Президентининг “2026 йилда Навоий вилоятини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида жорий йилда Мўғулистондан 70 минг бош майда шохли мол олиб келиш вазифаси белгиланган.
Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш, вилоятга Мўғулистон давлатидан зотли майда шохли молларни олиб келиш, шунингдек, 2026-2027 йилларда Навоий вилоятида туячилик ва йилқичилик тармоғини ривожлантириш мақсадида хорижий давлатлардан сут ва гўшт йўналишидаги зотли туя ва отлар олиб келиш ишларини ташкил этиш борасида чорвачилик тармоқлари ривожланган давлатлар билан музокаралар олиб борилмоқда.
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсуновнинг Мўғулистон давлатининг “BUJT” компанияси директори Ш.Болор билан музокараларини шундай ҳамкорлик самараси сирасига киритиш мумкин.
Учрашув давомида Навоий вилояти билан Мўғулистон давлати ўртасида чорвачилик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашилиб, келгусида амалга оширилиши режалаштирилган узоқ муддатли вазифалар белгилаб олинди.
Яқин кунларда тадбиркорлардан иборат гуруҳ Мўғулистонга бориши ҳамда икки томон учун ҳам манфаатли бўлган шартномалар тузишга келишиб олинди.
Шунингдек, делегация аъзолари вилоятнинг чорвачиликни ривожлантириш борасидаги имкониятлари, мавжуд яйловлар ҳамда фермер хўжаликлари фаолияти билан ҳам яқиндан таништирилди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг