Навоий вилоятидаги олис овулга интернет етиб борди
Фото: “Халқ сўзи”
Мамлакатимиз Президентининг “2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳоли яшаш масканларини кенг полосали мобил алоқа тармоғи билан қамраб олиш даражаси ҳамда халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўллари бўйлаб юқори тезликдаги мобил интернет қамровини ошириш, шунингдек, оптик толали алоқа линияларини қуриш орқали олис ҳудудлардаги аҳоли хонадонларини юқори тезликдаги интернетга улаш имкониятини яратиш вазифалари белгиланган.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида 2023 йил давомида Навоий вилояти бўйича 3 118 км оптик толали алоқа линиялари қурилиб, уларнинг умумий узунлиги 13,2 минг километрга етказилди.

— Мазкур қарор асосида белгиланган чора-тадбирлар натижасида вилоятимиз аҳоли яшаш масканларини оптик толали алоқа линиялари билан қамраб олиш даражаси 96 фоизга етказилди, — дейди Рақамли технологиялар вазирлиги Навоий вилояти ҳудудий шубаси бошлиғи Алишер Бўронов. — Шунингдек, вилоятда мобил алоқа ва мобил интернет қамровини кенгайтириш ҳамда сифатини янада яхшилаш мақсадида қўшимча 152 та янги база станциялари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 2387 тага етказилди. Натижада вилоят бўйича аҳоли яшаш масканларининг мобил алоқа қамрови билан таъминланиш даражаси 97 фоиздан оширилди.
Шу тахлит яқин-яқинларгача ҳеч бир мобил алоқа қамрови билан таъминланмаган аҳоли яшаш масканлари ҳам мобил алоқа ва мобил интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлишди.

Хусусан, Конимех туманининг “Қарақата” ОФЙ, “Боймурод” МФЙнинг Янги турмуш аҳоли яшаш маскани, Томди туманининг “Томдибулоқ” ОФЙ, Жингилди аҳоли яшаш маскани, Учқудуқ туманидаги “Кўкаяз” ОФЙнинг Ақбайтал ва Кўкаяз аҳоли яшаш масканлари, Нурота туманининг “Каттасой” МФЙ Кичиксой аҳоли яшаш маскани, “Сувлиқ” МФЙнинг Модувот ва Совуқбулоқ қишлоқлари аҳолиси мобил алоқа ва мобил интернет хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилиб, куни кеча вилоятнинг олис овулларидан бири — Конимех туманининг “Саржал” ОФЙ ҳам улар қаторидан жой олди. Овул ҳудудида мобил алоқа операторларининг 3G-4G алоқа сигналларини таъминлаб берувчи антенналар ўрнатилиб, қишлоқ аҳлига алоқа борасида қулайликлар яратилди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг