Навоий вилоятида мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш кузатилмаган, бироқ ҳақорат қилиш икки баравар ошган
Фото: Халқ сўзи
Навоий вилоят судида бўлиб ўтган матбуот анжуманида одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида жорий йилнинг 9 ойида амалга оширилган ишлар очиқланди.
Анжуманда кўп бор ишлатилган «ошди», «камайди» ибораларига шунчаки лоқайд қараб бўлмайди. Мисол учун, ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда Навоий вилоятида жиноят ишлари 46,4, шахслар сони эса 50 фоизга ошган. Ачинарлиси, аёлларга нисбатан жиноят иши сони 108,4, шахс сони 83,5 фоизга кўпайган. Судлар томонида мазмунан кўриб чиқилган жиноят ишларида вояга етмаган шахслар сони 80,8, ишлар сони 79,3 фоизга ортган. Бундай нохуш ҳолатни 60 ёшдан юқори ёшдагилар томонидан содир этилган жиноятларда ҳам кузатиш мумкин.
Албатта, ҳар бир жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қонун устуворлигини кафолатлашда бел боғлаб хизмат қиляпти, десак, мана бу рақамлар бироз ўйга толдиради. Яъни ҳисобот даврида Навоий вилоят судлари томонидан кўриб тамомланган ишлар юзасидан жами 284 нафар шахсга нисбатан 173 та жиноят иши бўйича дастлабки айбловда қўйилган айблар ўзгартирилиб, қайта малакаланган ҳолда суднинг якуний қарорлари чиқарилган (айблов ўзгартирилган жиноят ишлари сони 85 тага ёки 96,5 фоизга ошган).

Жумладан, 55 та жиноят иши бўйича моддалар айбловдан тўлиқ, 32 та жиноят иши бўйича эса модда бандлари чиқарилган.
45 та жиноят иши бўйича бошқа моддаларга малакаланиб, 74 та жиноят иши бўйича модданинг бошқа қисмига малакаланган.
— Айблов ўзгартирилган ишлардан 40 таси прокуратура органлари томонидан, 131 таси ички ишлар органларининг тергов бўлимлари томонидан тергов қилинган ишлар ҳисобига тўғри келмоқда, — дейди Навоий вилоят судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалари бўлими бошлиғи Азамат Ботиров. — Шунингдек, жорий йил 9 ойи давомида жами 5 та жиноят иши бўйича 15 нафар шахс судлар томонидан оқланган бўлиб, шундан 7 нафар шахс биринчи инстанция судлари томонидан, 8 нафар шахс вилоят судининг апелляция инстанцияси томонидан оқланди.
Ижобий кўрсаткичларга тўхталадиган бўлсак, вилоятда ҳисобот даврида қасддан одам ўлдириш 100, қасддан баданга шикаст етказиш 6,5 фоизга, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш эса 20,5 фоизга камайган. Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш содир этилмаган. Бироқ ҳақорат қилиш қарийб икки бараварга ошган.
— Президентимизнинг жиноят содир этган шахсни фақат жазолаш эмас, балки жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, ҳар бир жиноят тафсилотларини профилактика инспекторлари, маҳалла ва жамоатчилик иштирокида чуқур таҳлил қилиш лозимлиги ҳамда ишларнинг камида 30 фоизини сайёр суд мажлисларида, халқ орасида кўриш ҳақида берган тавсиялари ҳар бир судьянинг диққат марказида бўлиб, судлар фаолиятида бу масалада ҳам ижобий ўзгаришлар рўй берди, — дейди Навоий вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов. — Хусусан, жорий йилнинг ўтган 9 ойида жами 1 минг 224 та жиноят ишидан 592 таси ёки 48,3 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. Ушбу даврда жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида 970 та ёки 79,2 фоиз ишлар бўйича хусусий ажримлар чиқарилиб, тегишли корхона ва ташкилотлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига муҳокама учун юборилди.
Матбуот анжуманида маъмурий, фуқаролик ҳамда иқтисодий ишлар бўйича судлар раҳбарларининг ҳам ҳисоботлари тингланиб, ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг