“Насриддин Афанди” фестивали барчага хуш кайфият улашди

15:50 01 Апрель 2026 Жамият
302 0

Бир бой маърака қилди-ю ўзи ҳурматли деб билган кишиларга тўн кийгизди. Навбат Афандига келганида эса уни масхара қилиш учун эшакнинг тўқимини берди. Насриддин Афанди бошқалар қатори бойни дуо қиларкан, тўнли бўлганларга қараб шундай дермиш: Бой бувамиз сизларга одамлар киядиган тўн ҳадя қилдилар, менга эса шоҳона лутфу карам кўрсатиб, ўз кийимларини ечиб бердилар”.

Бу 1 апрель – ҳазил — мутойиба куни сабаб Бухоронинг сўлим Лабиҳовузи бўйида ўтказилган “Насриддин Афанди” фестивалида айтилган ўнлаб латифалардан биридир. Анъанавий тадбир одатдагидек, шўх – шодон кулгу, ичакузилди латифалар, комик актёрлар ва қизиқчилар, фольклор дасталарининг чиқишлари остида ўтди.

-Насриддин Афанди номи қулоққа чалинганидаёқ кишининг юзида табассум пайдо бўлади, — дейди фестивал қатнашчиларидан бири, маънавият тарғиботчиси Маъмура Сафоева. – У билан боғлиқ латифаларда Афанди ҳозиржавоблиги, ўткир кинояси, ҳеч нимадан тап тортмаслиги ва соддалиги билан ажралиб туради.Бу латифалардаги кулгуда ғараз йўқ. Беғараз кулгу эса биламизки, Абу Али ибн Сино таъкидлаганидек, умрга умр қўшади.

Фестивалда “Бухоро мавжлари” ансамбли, “Афанди ШАЙ” қизиқчилар жамоаси, Вобкент, Когон туманлари фольклор- жамоалари ўз чиқишлари билан шаҳар меҳмонлари ва хорижий сайёҳларга хуш кайфият улашдилар.Бугун кечга яқин Сомонийлар истироҳат боғида бўлиб ўтадиган “Шарқ таомлари” гастрономик байрами ҳазил – мутойиба куни муносабати билан ташкил этилган кўнгилочар тадбирларга якун ясаб беради.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер