Нарпайдаги 17-умумтаълим мактаби битирувчиларининг ҳаммаси талаба бўлди

15:56 01 Декабрь 2023 Жамият
298 0

Нарпай туманидаги 17-умумий ўрта таълим мактабида бугунги кунда 1130 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 74 нафар ўқитувчи дарс беради. Муаллимларнинг 15 нафари олий тоифага эга. 2022-2023 ўқув йилида мактабни 17 нафар битирувчи тамомлаган бўлиб, уларнинг барчаси олий ўқув юртларига ўқишга кирди ва бу борада 100 фоизлик натижага эришилди. Аҳамиятлиси, битирувчиларнинг 5 нафари халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлиб, давлат гранти асосида нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Қолган 12 нафари тўлов шартнома асосида талаба бўлди.

Албатта, бундай натижага эришиш осон эмас. Бу, аввало, ота-оналарнинг фарзандларига берган тарбияси, ўқувчиларнинг қизиқишлари, интилишлари ва устозларнинг меҳнатлари самарасидир.

— Аввало, биз мактабдаги дарсларнинг сифатига алоҳида эътибор беряпмиз, — дейди мактаб директори Марҳабо Жабборова. — Аммо ўқувчини қўшимча тўгаракларга жалб этмасак яхши натижа кўрсатиш қийин. Шунинг учун мактабимизда 39 та фан ва спорт тўгараклари ташкил этилган. Уларнинг барчаси бепул хизмат кўрсатади. Мактабда ўқитувчиларнинг ҳар бир эришган натижаси мониторинг қилиб борилади. Самарали меҳнат қилаётган устозлар муносиб рағбатлантирилади. Шунингдек, пуллик хизмат кўрсатувчи 2 та ўқув марказнинг филиали учун ҳам мактабдан жой ажратилган. Ўқувчилар пуллик тўгаракларда қўшимча таълим олиш истагида бўлса ҳам мактаб ҳовлисидан ташқарига чиқмайди.

Туманда бугунги кунда 70 та мактаб бўлиб, 2022-2023 ўқув йилида бу таълим муассасаларини 2295 нафар ўқувчи тамомлаган. Уларнинг 191 нафари грант асосида, 495 нафари эса контракт асосида олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган. Ҳаммаси бўлиб, 686 нафар битирувчи талаба бўлиш шарафга муяссар бўлди. Шу тариқа Нарпай тумани ўқувчиларнинг ўқишга кириши бўйича вилоятда учинчи ўринни эгаллади.

Келгусида бунданда яхшироқ натижаларни қўлга киритиш мақсад қилинган.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер