Наъматак — табиий дармондори
Бугунги пандемия даврида организмимизнинг турли вирусларга қарши курашувчанлигини ошириш — долзарб масала. Иммунитетимизни кучайтириш учун эса табиий дармондориларнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди.
Наъматак ана шундай бебаҳо ўсимликлардан бири ҳисобланади. Дала-даштларда ўз ҳолича ўсиб ётадиган ушбу ноёб бутага кўп ҳам эътибор беравермаймиз. У ўзига гуллаб, мева бериб, тўкилиб кетади гоҳида. Аслида, ушбу табиат неъмати турли-туман биологик фаол моддаларнинг хазинасидир. Улар витаминлар комплексига бой.
«Асоратсиз дори-дармонлар» китобида келтирилишича, наъматак мевасининг асосий таъсир этувчи бирикмалари витаминлар комплекси (C, Б2, К1 ва Р витаминлари, каротин), айниқса, C ва карантин ҳисобланади.
— Халқ табобатида меваси қайнатмаси ёки дамламаси ўт ҳайдовчи, қон оқишини тўхтатувчи, иситмани туширувчи дори сифатида ишлатилади, — дейди терапевт Заҳро Ҳакимова. — Уйда ҳам тайёрлашнинг имкони бўлган ушбу шифобахш маҳсулот жигар, ўт пуфаги, меда-ичак касалликлари, хусусан, ич кетишда самаралидир. Оғиз бўшлиғи касалликларида, масалан, милк яллиғланганда ва ундан қон оққанда наъматак меваси қайнатмаси ёки дамламаси билан чайқаш фойда беради.
Тиббиётда наъматак мевасининг кукуни, дамламаси, суюқ экстракти ва шарбати турли авитаминоз касалликларини даволаш ҳамда уларнинг олдини олишда қўлланилади.
Ушбу доривор ўсимликдан фармацевтика заводида экстракт-холасас тайёрланади. Холасас билан жигар ва ўт пуфаги касалликлари (гепатит, холесистит) даволанади. Флаконда (300 мл.) чиқарилади. 1 чой қошиқдан кунига 2-3 марта ичилади.
Наъматак меваси витаминли ўт ҳайдовчи ва бошқа йиғма чойлар таркибига киради. Шундай экан, уни авайлаб териб, қуритиб, олиб қўйсангиз, зарар қилмайди.
Нигора ТОЖИБОЕВА,
Ўзбекистон жаҳон тиллари университети талабаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг