Наманганда Ҳиндистон маданияти кунлари ўтказилди

16:32 25 Январь 2024 Жамият
396 0

Ўзбекистон ва Ҳиндистон алоқалари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий, маданий алоқалар янги даражага чиқди. Буни ҳамкорликда ишга тушаётган қўшма корхоналар, таълим, маданият ва туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳалар мисолида яққол кўриш мумкин.

Кеча Ҳиндистоннинг ардоқли байрамларидан бири — Республика куни арафасида Наманган шаҳрида қатор маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Улардан бири Давлатобод туманидаги Маданият марказида ўтказилиб, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси консули Ситеш Кумар, дипломатик корпус расмийлари, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Нуриддиновлар иштирок этдилар.

Наманганлик мўйқалам усталари тасвиридаги Ҳиндистон кўргазмаси билан бошланган байрам ранг-баранг бадиий дастур билан давом этди.

— Ҳиндистон ва Наманган алоқаларининг алоҳида аҳамиятли жиҳатлари мавжуд. Ҳозиргача элчихона билан кўплаб тадбирлар уюштирдик. Ҳинд дўстларимиз халқаро гуллар фестивалида фаол иштирок этдилар. Биродарлик алоқаларининг муҳим жиҳатларидан бири — Ҳиндистон тарихида ўчмас из қолдирган Бобурийлар илдизи ҳам айнан Наманганда, Ахсикентда, — деди ҳоким ўринбосари.

Тантанада сўнг сўз олган Ситеш Кумар ўзаро ҳамкорликни янги қирралари, Наманган муҳандислик технология институти ва бошқа олий таълим даргоҳлари билан амалга оширилаётган илмий-амалий лойиҳалар, маданий-маърифий тадбирлар ҳақида гапирди.

Ҳиндистон ўзининг қўшиқ ва рақслари билан дунёга машҳур. Пражакта хоним бошчилигидаги “Патак” мумтоз рақс ансамблининг чиқишлари байрам маросимига ўзгача файз бағишлади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер