Наманган ва Озарбайжон ҳамкорлиги кенгаймоқда
Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Наманган текстиль компанияси Озарбайжонда пахта кластер тизимини йўлга қўймоқда. Айни масалага жорий йилда бўлиб ўтган «II Oʻzbekiston—Ozarbayjon Hududlararo Forumi»да асос солинган эди. Наманган вилоятининг TST Textile group компанияси Имишли туманида 5826 гектар ерга пахта экади. Мингечевир туманида 54 миллион долларлик пахтани қайта ишлаб чиқарувчи фабрикалар барпо этилади.
— Айни пайтда биз учун ажратилган майдонда ишни бошлаб юбордик, — дейди TST Textile group раҳбари Абдулворис Йўлдошев. — Озарбайжон қишлоқ хўжалигида пахтачилик билан азалдан шуғулланишади. Ҳамкорлик тажрибаларни уйғунлаштириб, соҳа ривожига янгилик олиб киради.
Маълумот ўрнида, озар қардошларимиз ҳам Наманганда қишлоқ хўжалигида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Жумладан, Тўрақўрғон туманида қиймати 15 миллион долларлик «Замонавий логистика маркази, музлатгичли омборхона ҳамда интенсив боғ» ташкил этиш, шунингдек, вилоят бўйича текстиль маҳсулотлари ва қуруқ меваларни экспорт қилиш борасида иккита 11 миллион долларлик шартномалар имзоланган. Бундан ташқари, «Namangan city» да 50 миллион долларга бино ва иншоотлар бунёд этилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг