Наманган шаҳрига замонавий автобусларнинг янги туркуми келтирилди
Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида гуллар шаҳри кўчаларида Хитой Халқ Республикасининг Yutong компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 36 дона замонавий автобус йўловчиларга хизмат кўрсата бошлади. Давлатимиз раҳбарининг «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Наманган шаҳридаги «Экспресс долина» масъулияти чекланган жамияти томонидан Қозоғистоннинг «Ti Dji Es Konsalting Grupp» компанияси ҳамда хитойлик инвесторлар сармояси иштирокида олиб келинган янги жамоат транспортида ташиш хизмати учун зарур бўлган барча қулайликлар яратилган бўлиб, юртдошларимизга ҳар жиҳатдан маъқул тушмоқда. Хусусан, 25 ўриндиқли автобус иқлимимизга мос совитиш ва иситиш воситалари, шунингдек, «GPS» тизими ва махсус видеокузатув камералари билан жиҳозланган. Салонда электрон тўлов тизимини амалга ошириш қурилмаси ишлайди.
Yutong автобусларининг вилоят марказидаги йўловчилар гавжум бўлган учта йўналишда қатнови йўлга қўйилмоқда. Улар ҳаракат бошлаши олдидан шаҳарнинг марказий кўчалари жамоат транспорти учун мўлжалланган «А» тасмали йўлакларга ажратилди.
— Наманганда йўловчи ташиш транспорти хизматини янада ривожлантириш мақсадида бир муддат аввал вилоят ҳокимлиги ҳамда Хитой компанияси ўртасида «Yutong» русумли 100 дона автобус олиб келиш юзасидан инвестиция маблағларини киритиш бўйича келишув имзоланганди, — дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Баҳодир Бекхўжаев. — Шунга мувофиқ, автобус паркларимиз босқичма-босқич ҳар томонлама қулай транспорт воситалари билан тўлдириб борилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг