На автомобилдан дарак бор, на пулдан умид бор...
Инсоният тарихига назар соладиган бўлсак, энг буюк ихтиролардан бири, шубҳасиз, автомобил яратилиши билан боғлиқ. Узоқни яқинлаштирувчи ушбу қурилма гоҳида икки яқин инсонни бир-биридан узоқлаштириб юбориши ҳам мумкин. Қандай дейсизми? “Автолизинг“ ҳақида эшитмаган кўринасиз.
Бугунги кунда истеъмолчи ва тадбиркор орасидаги муаммо ва можароларнинг аксарият қисми айнан “автолизинг“ ташкилотларининг “хурмача ҳунарлари“ сабабли юзага келмоқда. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига келиб тушган навбатдаги ариза мазмуни ҳам юқоридаги мавзуга алоқадор. Анчадан буён автомобил харид қилиш ниятида пул жамғариб юрган Рустам Аҳроров ҳам қаердандир 30% бошланғич тўлов эвазига 3 йил муддатга кредит асосида автомашина берадиган МЧЖ ҳақида эшитиб қолади. 27-июль куни Бухоро шаҳри А.Сомий кўчаси 36-уйда истиқомат қилувчи қаҳрамонимиз Бухоро шаҳар Б.Нақшбанд кўчасида жойлашган “Orient Avto Lizing” МЧЖ га ташриф буюрди ва “Спарк“ автомашинаси харид қилиш мақсадида 29.810.000 сўм бошланғич тўловни амалга оширди. Шартномада белгиланган муддат етиб келди-ю, машинадан эса дарак йўқ. МЧЖ га мурожаат қилганида, бироз кутиб туришини айтишди. Кутиб- кутиб чарчаган истеъмолчи кунора МЧЖга бориб келадиган бўлди.
Кундан кунга харидорнинг хуноби, тадбиркорнинг баҳоналари ошиб бораверди. Қониқарсиз жавобларни эшитаверишдан чарчаган Р.Аҳроров нажот истаб Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига ёзма мурожаат қилди. Соҳа мутахассислари томонидан синчковлик билан холат ўрганилгач, муаммо истеъмолчи фойдасига ҳал этилди. Р.Аҳроров 29.810.000 сўм тўлаган пулини тўлиқ қайтариб олди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг