Музей-қўриқхонанинг 100 йиллиги нишонланмоқда
Фото: Халқ сўзи
Маданий-моддий бойликларни сақлаш, авайлаб асраш, ўрганиш, намойиш этиш ва келажак авлодга етказишни музейларсиз тасаввур этиш мушкул. Қолаверса, уларнинг миллий ўзлигимизни англаш, шунингдек, туризм равнақидаги ўрни бениҳоя катта. 1922 йилда Бухорода биринчи музейни очаётиб, буюк аждодларимиз масаланинг шу жиҳатларини инобатга олишган, албатта.
Бухородаги биринчи музей ташаббускори Қори Йўлдош Пўлатов ўша дамда камтарлик билан «Биз бу йўлда ғоят оз ишлаб, кичик бир нарсани майдонга келтирдик. Халқимизнинг бой ўтмиши, ота – боболардан қолган маданий мерос ўнлаб музейга сиғмайди», деган таъсирчан сўзларни айтган экан. Маърифатпарвар, журналист, жадид, кейинчалик «халқ душмани» деган тамға остида не-не азоб-уқубатларни бошидан кечирган бу инсоннинг ҳақлигини одил ҳакам – Вақт кўрсатди. Ҳозир қадимий Арк қўрғонида жойлашган Бухоро давлат музей-қўриқхонасининг таркибида 16 та филиал (шулардан 2 таси уй-музей, 2 таси мемориал музей) ва 2 та доимий кўргазма мавжуд. Бу музейларда 10 мингдан зиёд экспонат намойишга қўйилган.

— Таъкидлаш жоизки, маҳаллий ҳокимликнинг 1991 йил 18 январдаги №4/1 сонли қарори асосида бир қатор тарихий ёдгорликларда музейлар ташкил этишга киришилди, — дейди музей- қўриқхона масъул ходими Шерали Жўраев. — Темирчилик ҳунари тарихи музей-устахонаси фикримизнинг далилидир. У сайёҳлик йўналишининг марказида жойлашганлиги билан алоҳида ажралиб туради. Худди шу пайтда Мағоки Аттор масжиди биносида Ўзбекистонда ягона бўлган Гиламлар музейи фаолияти йўлга қўйилди. Умуман, мустақилликдан кейинги йилларда хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда кўплаб янги кўргазмалар, экспозициялар ташкил қилинмоқда. Дейлик, 1993 йилда Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуасида «Нақшбандия тариқати» музейи ташкил этилди. У юртимиздаги тасаввуф таълимотига бағишланган ягона музей саналади. Маскан ташриф буюрувчилар сони бўйича Бухородаги музейлар орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Ундаги сайёҳлар диққатини тортувчи буюмлар сирасига XVIII асрга оид катта Қуръон китоби, Улуғбек мадрасаси эшигидаги китоба, Сайфиддин Бохарзий қабри ёғоч панжараларини мисол тариқасида келтириш мумкин.
Ана шундай ноёб осори атиқаларни ўз бағрига олган Бухоро давлат музей — қўриқхонаси шу кунларда ўзининг 100 йиллигини нишонламоқда.Чунончи, бугун кўҳна Арк қўрғонида шу сана муносабати билан театрлаштирилган концерт намойиш этилди. Юртимиз тарихининг турли даврларидан ҳикоя қилувчи саҳна кўринишлари маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди. Аҳоли, хусусан, ёшларнинг миллий ўзлигимиз, қадриятларимиз, бой тарихимизга оид билимларини оширишга, уларни она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи бу каби тадбирлар давом этмоқда.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг