Мутолаа ва китобхонлик маданияти тарғиботи
Фото: Халқ сўзи
Мамлакатимизда бу йил учинчи бор ташкил этилган “Китобхонлиук ҳафталиги” Наманган вилоятида ҳам бир қатор адабий, маънавий ва маърифий тадбирларга бой ҳолда нишонланди. Уларнинг барчаси аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб ўқишни кенг тарғиб этиш ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган бўлиб, жойларда уюштирилган учрашув, мушоира ва кўргазмаларнинг ҳар бирида юзлаб адабиёт ва ижод иҳлосмандлари қамраб олинди.
- “Китобсевар миллат” шиори остидаги III – Республика “Китобхонлик ҳафталиги” бири-биридан мазмунли тадбирлар билан ёдда қоладиган бўлди, - дейди Нодирабегим номли вилоят ахборот-кутубхона маркази раҳбари Мавлуда Жўрабоева. – Биргина бизнинг марказимизда ташкил этилган “Ўқинг, янги адабиётлар” кўргазмаси, хуқуқий билимлар синови викторинаси, Ўзбекистон халқ шоири Ҳабиб Саъдулла таваллудининг 81 йиллигига бағишланган ёднома кечаси, “Йўл-йўлакай ўқиймиз” лойиҳаси доирасидаги янги адабиётлар юзасидан QR-кодли китоблар таблоси тарғиботи ва бошқа дастурлар иштирокчиларнинг адабиёт, китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини янада орттиришга хизмат қилиши турган гап. Янгиқўрғонлик адиб Қамбар Ҳайдарнинг “Бир шода маржон” деб номланган янги китоби тақдимотида маҳаллий ижодкор изланишларининг ўзига ҳос қирралари ҳақида гап борди.
Таъкидлаш керакки, ҳафталик доирасидаги “Кутубхонага қўлингни чўз” акциясининг оммавий тус олиши билан жойлардаги умумтаълим мактабларининг кутубхоналари ота-оналар ва ҳомий ташкилотлар томонидан тақдим этилган адабиётлар билан янада бойиди. “Халқ сўзи” газетаси таҳририяти ҳам акция доирасида вилоят ахборот-кутубхона марказига 350 га яқин адабиётларни совға қилди. Ушбу янги китоблар вилоят шаҳар ва туманларидаги 13 та ахборот-кутубхона марказлари хазинасидан ўрин олади.
“Китобсевар миллат” шиори остидаги ҳафталик Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон-ёшлар зиё маскани”да ҳам китобхонлар учун очиқ эшиклар куни, адабиётлар ярмаркаси ва бошқа бир қатор тадбирлар билан ёдда қоларли қилиб нишонланди. Айниқса, бу ерда китоблар номларидан ташкил топган “Қўрқма”, “Мен”, “Лидерлар” жамоалари ўртасида уюштирилган “Заковат” интеллектуал ўйини иштирокчиларнинг тезкорлик, юқори билим ва салоҳияти билан ажойиб баҳслар кечасига айланди.
“Китобхонлик ҳафталиги” шунингдек, туман ахборот-кутубхона марказлари, умумтаълим мактаблари кутубхоналари, олий ўқув юртлари ахборот-ресурс марказларида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилиб, чинакам маърифат байрами тусини олди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг