Мустақилликка 29 йил: Парламент халқаро алоқалари ривожининг янги босқичи
Ўзбекистон Республикасининг истиқлолга эришган санасининг 29 йиллигини нишонлар эканмиз, мустақил мамлакатимиз парламентаризми ривожида юз бераётган барча ўзгаришлар кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил бошида Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ҳаётимизнинг барча йўналишларда кенг қамровли халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириб бориш, мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этиш масалаларига катта аҳамият қаратилди ва парламентнинг бу жараёнларидаги ўрнининг нақадар муҳим эканлигини яна бир бор таъкидланди.
Глобализация жараёнининг чуқурлашиб бориши, юқори технологияларнинг ривожи янги босқичга чиққанлиги шароитида ташқи сиёсий фаолият ҳам жадал суръатлар муҳитида олиб бориляпти. Ҳозирги замон халқаро муносабатларининг бориши, ўз навбатида, дипломатиянинг анъанавий ва ноанъанавий кўринишларига янги имкониятлар очмоқда ва мутлақо янги ёндашувлар зарурлигидан дарак бермоқда.
Маълумки, ташқи сиёсат мақсадлари ва вазифаларини амалга оширишда парламент дипломатияси ўз ўрни ва аҳамиятига эга. Парламент дипломатияси – ҳам расмий, ҳам халқ дипломатияси хусусиятларини ўзида мужассам этади. Ўзбекистоннинг манфаатларини глобал ва минтақавий доирада илгари суриш, юрт обрўсини юксалтириш, ҳамкор давлатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларни янада кенгайтириш, хорижий давлатлар парламентлари, парламентлараро тузилмалар ва нуфузли ташкилотлар билан муносабатларни ривожлантириб бориш – Олий Мажлис томонидан амалга ошириладиган парламент дипломатиясининг вазифаларидир.
Айни пайтда Олий Мажлис палаталари томонидан Ўзбекистоннинг «Парламент дипломатияси концепцияси»ни ишлаб чиқиш устидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Концепция Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг халқаро ҳамкорлик ва парламентлараро алоқаларни ривожлантириш соҳасидаги фаолиятини амалга ошириш механизмлари, асослари, вазифалари ва стратегик мақсадларини ифодаловчи ҳуқуқий тизимларни ўз ичига олади.
2017 йилда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ амалга оширилаётган чора ва тадбирлар натижасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан хорижий ҳамкорлар билан икки томонлама ва кўп томонлама олиб борилаётган ҳамкорлик алоқаларида бир қатор ижобий ўзгаришлар рўй берди. Бугунги кунда Парламентлараро Иттифоқ билан ҳамкорлик муносабатлари тобора ривожланиб бораётганлиги, Ўзбекистоннинг 2018 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламентлараро Ассамблеясида иштироки ҳамда 2019 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеясига аъзолигининг тўлиқ тикланганлиги кўптомонлама ҳамкорлик даражасидаги парламент дипломатиясининг салоҳиятини янада оширди. Келгусида Ўзбекистон вакилларининг мазкур ташкилотлар тизимида салмоқли ўринларга эга бўлиши ёки доимий асосда ишлаши мамлакатимиз нуфузи учун зарур омилдир ва шу билан бирга жаҳон ва минтақа миқёсидаги долзарб масалалар ва муаммоларнинг ижобий ҳал этилишида аҳамиятлидир.
Икки томонлама муносабатларни ривожлантириш мақсадида Қонунчилик палатаси томонидан Марказий Осиё, МДҲ, Европа, Осиё, АҚШ ва Канада каби хорижий мамлакатлар парламентлари билан 42та дўстлик ва ҳамкорлик гуруҳлари тузилган бўлиб, парламент фаолиятига доир ўзаро тажриба алмашишга фаол киришилган. Шунингдек, Европа парламенти билан ҳамкорлик масаласи ҳам палатамиз халқаро фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон – Европа Иттифоқи Парламент ҳамкорлиги комиссиясининг янги таркиби томонидан ўзаро конструктив мулоқот ўрнатилиши кўзда тутилган.
Парламент дипломатиясининг ташқи сиёсатда тутган ўрни ва аҳамиятининг ошиб бориши ҳар бир давлат парламенти вакиллари олдига янгича ёндашув ва устувор вазифаларни қўймоқда. Бугун, дўстона, очиқ, прагматик, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат юритиш ғояси барча парламент аъзоларини бирлаштириб турибди. Шу ўринда айтиш жоиз, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг мақсад ва ғоялари, ёндашувларида сезиларли фарқ бўлса-да, юрт тинчлиги, барқарорлиги ва халқ фаровонлиги йўлида парламентнинг халқаро фаолиятини юритишда, энг аввало, миллий манфаатлар кўзланади. Ишонч билан айтиш мумкинки, Қонунчилик палатаси депутатларининг ташқи сиёсий фаолиятга мансуб ишлари Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлашда муносиб ўринга эга бўлиб боради.
Дилором ФАЙЗИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва
парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг