Мурожаатларни ўрганишда янгича ёндашув

15:12 21 Июль 2022 Жамият
636 0

Фото: Халқ сўзи

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг ташаббуси билан фуқаролар мурожаатларини ўрганишда яна бир янгиликка қўл урилди.

Жорий йилнинг 16 июль куни илк бор вилоятдаги барча Халқ қабулхоналарида бир кунда, бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари вилоят, шаҳарлар ва туманлар Кенгашлари депутатларининг фуқаролар учун оммавий сайёр қабуллари ўтказилди. Депутатлар билан бирга мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳам сайёр қабулга жалб этилди.

Қизғин жараёнда фуқаролар бевосита халқ ноибларига ўзларини қийнаётган муаммолар, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилди. Мурожаатлар тингланиб, уларнинг бир қисми шу ернинг ўзида шаҳар-туман корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ижобий ҳал қилинган бўлса, қолганлари ўрганиб чиқиш ҳамда сессияда кўриб чиқиш учун назоратга олинди.

Хусусан, вилоят Халқ қабулхонаси биносида фуқароларни халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари қабул қилди.

— Ўғлим хаста, жисмоний ривожланишдан тўхтаб қолган, — дейди Самарқанд шаҳри Хишрав маҳалласида истиқомат қилувчи К.Раҳматова. — Шифокорлар унинг касалига аниқ бир ташхис қўя олишмаяпти, шифохонама-шифохона юриб, сарсон бўлдик. Баъзи дўхтирлар уни Самарқандда даволаб бўлмайди, хорижга олиб бориш керак, дейишяпти. Оилавий шароитим оғир. Бунга имкониятим йўқ. Депутатлардан нажот истаб келдим.

Фуқаронинг мурожаати шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Депутат Шоҳрух Жўрақулов аралашуви билан мурожаатчининг фарзанди вилоят болалар кўп тармоқли шифохонасига ётқизилиб, бепул даволанадиган бўлди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Даврон Жуманиёзов бемор болани вилоятимизнинг энг малакали шифокорлари кўрикдан ўтказишини, аниқланган ҳар қандай касаллигини шу ернинг ўзида даволаш учун зарур шароитлар борлиги айтди.

Самарқанд тумани Қуйи туркман маҳалласида истиқомат қилувчи Ж. Хидиров эса қабулга оиласи учун субсидия асосида уй-жой ажратилишини сўраб келди. Унинг айтишича, хотини ва фарзандлари билан ижарада яшаб келмоқда. Масъул ташкилотларга қилган қатор мурожаатлари инобатга олинмаган.

Депутатлар фуқаронинг масаласи, шунингдек, масъулларнинг унинг мурожаатларига бефарқ муносабати атрофлича ўрганиб чиқилишини маълум қилишди.

Айтиш жоизки, қабулда фуқаролардан тушган мурожаатларнинг аксарияти аввалроқ ҳам қатор масъул идораларга юборилгани, бироқ негадир бир ёқлама кўриб чиқилиб, ёпилгани маълум бўлди. Депутатлар мурожаатларни назоратга олишда масаланинг айни жиҳатига урғу беришди.

—  Тизимлар талаб даражасида ишламаса, аҳоли мурожаатлари камаймайди, аксинча, кўпайишда давом этади, — дейди халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати Азиз Аҳроров. — Шу боис биз муаммо билан эмас, унинг келиб чиқиш сабаби билан курашишга кўпроқ эътибор беришимиз керак. Депутатлар билан мазкур масалани сессия муҳокамасига киритиш, хўжакўрсинга ишлаётган раҳбарлар фаолиятини таҳлил қилиш ҳамда қонуний чоралар белгилашга келишиб олдик.

Ўтказилган сайёр қабул жараёнларида Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг 28 нафар депутати ҳам шаҳар аҳолиси муаммоларини тинглашди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд шаҳридаги Халқ қабулхонаси биносида бўлиб ўтган қабул жараёнида 90 нафар фуқаро рўйхатга олиниб, депутатлар томонидан фуқароларнинг мурожаатлари ҳисобга олиниб, масъул ташкилотлар иштирокида кўриб чиқилди.

— Мазкур амалиёт илк бор синовдан ўтаётгани туфайли баъзи жараёнларда ташкилий томондан камчиликлар кузатилди, — дейди шаҳар Кенгаши депутати Олим Пардаев. — Аммо, бевосита халқ вакили бўлганлигимиз боис, биз ҳар доим халқ ичидамиз. Доимий одамлар билан мулоқотда бўлиб, округ ҳудудидаги муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича сайловчиларимизнинг мурожаатлари асосида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқдамиз. Ушбу сайёр қабул давомида ҳам келиб тушган мурожаатлар тегишли тартибда депутатлар томонидан ўрганилиб, уларга шу жойнинг ўзида масъуллар билан ижобий ечим топишга ҳаракат қилдик.

—  Самарқанд шаҳридаги сайёр қабул давомида келиб тушган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатдики, умумий ҳисобда жами муаммоли масалалар сони 105 тани ташкил этди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд шаҳридаги Халқ қабулхонаси мутахассиси И. Шананова. — Шундан 28 таси уй-жой, 7 таси моддий ёрдам, 11 таси ноқонуний қурилиш, 14 таси коммунал соҳа (табиий газ, электр энергияси, ичимлик сув), 7 таси ички кўчаларни таъмирлаш, 5 таси тиббий хизмат, 5 таси МИБ фаолияти, 4 таси оилавий низолар, 8 таси суд-ҳуқуқ, 3 таси тадбиркорлик билан шуғулланиш, 3 таси МФЙ ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норозилик, 2 таси мактаб ва МФЙ биносини реконструкция қилиш, 1 таси кекса фуқарони қариялар уйига жойлаштириш ҳамда 7 таси бошқа масалаларда иборат бўлди.

Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги фуқаролар учун ҳам, депутатлар учун ҳам ҳар томонлама самарали ўтган бу каби сайёр қабулларни келгусида депутатларнинг округ ва маҳаллаларга ҳам чиққан ҳолда ўтказишига келишиб олинди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер