Муқаддас қадамжога равон йўлдан боришга не етсин

16:13 04 Октябр 2023 Жамият
582 0

Фото: Халқ сўзи

Андижон вилояти ички сайёҳлик салоҳияти учун қулай манзил ҳисобланади. Бу ерда айни пайтда 422 та маданий мерос, 70 та туристик объектлар мавжуд. Асака туманининг “Хонақа” МФЙда жойлашган Муҳаммад Сиддиқ Эшон ота зиёратгоҳи ана шулардан биридир.

— Муҳаммад Сиддиқ Эшон ота 1680-1760 йилларда мана шу манзилда яшаган,—дейди маҳалла оқсоқоли Рустамжон Ҳусаинов. – Ота-боболаримизнинг ҳикоя қилишларича, у киши табиб ва руҳшунос бўлган. Кўплаб инсонларни табиий йўл билан даволаган. У давр фидойиси, халқ қаҳрамони сифатида узоқ йиллар мобайнида қадрланган. Боиси, Ватан ҳимояси, ислом дини тарғиботчиси сифатида ҳам эл-юрт ҳурматини қозонган. Афсуски, айрим сабабларга кўра отанинг қабри қаровсиз қолган пайтлар бўлди. Бу орада маҳалла аҳли ўз кучи билан уч марта таъмирлаш ишларини олиб борди. Ҳозирда ҳам ҳомийлар кўмаги ва ҳашарчилар кучи билан қайта қуриш ишлари олиб бориляпти.

Айтишларича, зиёратгоҳда авваллари мақбара бўлмаган. Эски қабр атрофи тартибга келтирилиб, даврга мос мақбара қурилган. Бироқ, йиллар ўтгани сари унинг охори тўкилган. Яқин ўтмишда замондошларимиз томонидан янги мақбаранинг қурилиши зиёратгоҳга ташриф буюрувчиларнинг сонини оширди.

— Мақбара қурилишида маҳаллий ёғоч ўймакорлигидан фойдаландик,—дейди ҳунарманд Дониёрбек Қурбонов. —Нақшинкор эшик ва деразалар, пештоқ ва шифт шарқона безаклар билан безатилди. Шунингдек, таҳоратхона, намозхона каби қулайликлар учун янги бино барпо этмоқдамиз.

Айтишларича, Муҳаммад Сиддиқ Эшон ота қабрини барпо этишда қўлланилган ёғочлар орадан шунча вақт ўтган бўлсада, чиримаган. Бунга ўша даврдаги дарахтлар танасининг нечоғли мустаҳкам бўлганлиги сабабдир.

 

— Республикамизнинг турли вилоятларидан меҳмонлар келиб, эшон отани қабрини зиёрат қилиб қайтадилар,—дейди маҳалла оқсоқоли Рустамжон Ҳусаинов. –Қолаверса, бу жойнинг тупроғи шифобахш. Айниқса, тери касалликларини даволашда самарали фойдаланиш мумкин.

Биз манзилда бўлар эканмиз, ёндош маҳалладаги йўлнинг абгорлигидан дилимиз хуфтон бўлди. Бир йилда юзлаб зиёратчиларни қарши олиб, кузатаётган зиёратгоҳ йўли таъмирига масъул идоралар эътибор қаратишса, нур устига нур бўлар эди. Зеро, муқаддас қадамжога равон йўлдан боришга не етсин!

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер