Мулоқотда тизимдаги камчиликлар очиқ айтилди

15:03 15 Декабрь 2022 Жамият
1032 0

Фото: Халқ сўзи

Мактабгача таълим вазирлиги биносида 2017-2022 йилларнинг ўтган даври давомида тизимда амалга оширилган ишлар юзасидан вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ва ОАВ учун очиқ мулоқот ўтазилди.

Тадбир аввалида мактабгача таълим вазири Агриппина Шиннинг кириш сўзи билан бошланди ҳамда шундан сўнг, вазирлик таркибидаги бошқарма бошлиқларининг ҳисоботлари тингланди.

Берилган жорий йил ҳисоботларига кўра, 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида мактабгача таълим соҳасига хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш мақсадида халқаро молия институтлари билан музокаралар олиб борилган. Хусусан, Ислом тараққиёт банки, OPEK фонди ва Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан умумий қиймати 70 млн. АҚШ долларига тенг давлат хусусий шериклик битимларини молиялаштиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун лойиҳаолди ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, инвесторлар томонидан маъқулланган.

Қолаверса, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан 11 млн. АҚШ долларига тенг грант лойиҳани амалга ошириш мақсадида ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва бу борада тегишли вазирликлар, идоралар билан келишилди. Ҳозирги кунда, мазкур қарор лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун тақдим этилган.

Очиқ мулоқотда иштирок этаётган мактабгача таълим вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Шерзодхон Қудратхўжа тизимдаги камчиликлар тўғрисида ўзининг фикр ва мулоҳазаларини билдирди:

— Хонадоним атрофида, адашмасам, 3-4 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси бор. Ўтган сафар беихтиёр бирининг дарвозаси пештоқига ёзилган ёзувга кўзим тушиб қолди: «Farzona kids» деб ёзилган экан. Биз болаларимизга турли тилларни ўргатамиз деб, давлат тилини иккинчи даражали ўринга тушириб қўймаяпмизми, деган фикр ўтди хаёлимдан. Таклифим шундан иборатки, биз, аввало, ўз тилида чиройли фикрлай оладиган нотиқ авлодни тарбиялашимиз керак. Бунинг учун ўзбек тилини ўргатишни боғчалардан бошласак, яхши бўлар эди.

Тадбир сўнгида Мактабгача таълим вазирлиги тизимидаги мунозарали масалалар юзасидан ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга вазирлик мутасадди раҳбарлари жавоб берди.

Қизғин мулоқотда ҳаво ҳароратининг кескин тушиши оқибатида боғча хоналарининг совиб кетиши билан боғлиқ ҳолатлар ижтимоий тармоқларда ота-оналарнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлаётгани таъкидланди. Вазирлик мутасадди раҳбарларининг айтишича, бу иссиқлик энергиясининг етишмовчилиги билан боғлиқ ҳолат бўлмай, балки совуқ ҳаво оқимининг натижасида қайноқ иситиш системалари ҳам хона ҳароратини ушлаб тура олмаётгани Қорақалпоғистон Республикаси мисолида айтиб ўтилди.

Шунингдек, Давлат Санитария ва эпидемиология хизматининг мактабгача ёшида бўлган болажонларни соғлом овқатлантириш таклифига биноан, 2023 йилнинг аввалидан бошлаб барча давлат мактабгача таълим ташкилотларида болаларни уч маҳаллик овқатланиш рационалига ўтказиш кўзда тутилаётгани таъкидланди.

— Бугунги кунга қадар барча МТТда 4 маҳаллик овқатланиш тартиби жорий қилинган эди — деди вазир ўринбосари Сардор Мирзакаримов. — Энди 2023 йилдан бошлаб болажонларимизда нонушта, тушлик ҳамда тарбияланувчиларимизни кузатиш олдидан иккинчи тушлик билан овқатлантириш тизими жорий этилади.

Бундан ташқари, тадбир сўнгида тизимда фаолият олиб бораётган педагог кадрларнинг малакасини ошириш, шунингдек, уларнинг маош масалалари бўйича ҳам ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

 

Умида Сатторова, «Халқ сўзи» 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер