Мудофаа вазирлиги қўшинларида умумармия спорт мусбоқаларига старт берилди
Бугун Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинлари миқёсида ҳарбий-амалий ва Олимпия спорт турлари бўйича умумармия спорт мусобақаларининг Мудофаа вазирлиги босқичини тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Мудофаа ва Спорт вазирликларининг раҳбарияти, давлат ва жамоат ташкилотларининг вакиллари ҳамда ҳарбий округ ва муассасалар миқёсида сараланган энг кучли жамоалар иштирок этишди.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментидан маълум қилишларича, ушбу мусобақа Мудофаа вазирлиги миқёсида ҳар икки йилда бир маротаба, ҳарбий округ ва муассасаларда эса ҳар йили ўтказилиб, унда округ тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасалардан сараланган энг кучли жамоалар беллашувга киришади.
Маросимда мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Зайнобиддин Иминов сўзга чиқиб, ушбу мусобақа ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш, жанговар шайликни ошириш ва ҳарбий спортчилар сафини кенгайтириш билан бирга, ҳарбий хизматчиларнинг эришаётган ютуқларини оммага кенг тарғиб қилишда муҳим ўринга эга эканлигини таъкидлаб, барча жамоаларга омад тилади.
Мусобақа доирасида ҳарбий хизматчилар спортнинг қўл жанги, армия биатлони, пичоқ улоқтириш, тош кўтариш, бадминтон, енгил атлетика, миллий кураш, ўқ отиш спорти ҳамда офицерлар учун кураш каби беллашувларда ўз имкониятларини синовдан ўтказишади.
Дарҳақиқат, ушбу баҳслар ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама тоблаб, жисмонан соғлом этиб тарбиялашга ва Янги Ўзбекистон армиясининг мустаҳкам пойдевори бўлишига хизмат қилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг