Муаммолар ечими — интилиш ва изланишда

11:19 19 Июнь 2021 Жамият
1932 0

«Шоҳнигор» маҳалласи — Вобкент туманининг олис гўшаларидан. Биласиз, чеккадаги қишлоқнинг муаммоси ҳам ўзига яраша бўлади. Йўллар ўнқир-чўнқир, электр таъминотида тез-тез узилиш рўй беради. Ичимлик суви таъминотини-ку айтмай қўя қолайлик.

Ана шундай қийинчиликлар гирдобида қолган бу гўша аҳолисининг елкасига офтоб тегди. Ички йўллар таъмирланди. 22 километр масофага қувур тортилиб, ичимлик сув муаммосига ечим топилди. 148 та янги симёғоч ўрнатилди. Уй-жойлар таъмирланди. «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилган ишлар эвазига «Шоҳнигор»нинг файзига файз қўшилди.

— Ишсиз эдим, шу туфайли «ёшлар дафтари»га киритилгандим, — дейди шу маҳаллада яшовчи Зумрат Бозорова. — Туманимиз прокурори, 2-сектор раҳбари тавсияси ва кўмаги билан менга тикув машинаси берилди. Энди уйда ишлаб, ўз-ўзимни банд қилиш, оиламизга наф келтириш имконига эгаман.

Нафақат Зумрат, балки шу ҳудудда истиқомат қилувчи Ж. Тешаев, А. Эргашев, Ф. Сатторовга ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, зарур асбоб-ускуналар субсидия асосида берилди. Умуман, сектор ҳудудидаги 12 та МФЙда яшовчи «ёшлар дафтари»га киритилган 44 нафар ёш ҳар хил турдаги меҳнат қуроллари ва ускуналар билан таъминланди.

Ижтимоий ҳимоя масаласи ҳам 2-сектор диққат-эътиборида. Биз туман прокурори, 2-сектор раҳбари Б. Султоновнинг ташаббуси билан «Бешработ» МФЙ, Чўрикалон қишлоғида яшовчи, «темир дафтар»да рўйхатда турувчи, ногиронлиги бор фуқаро Азамат Хўжақуловга ҳомийлик йўли билан беш хонадан иборат янги уй-жой қурилиб берилаётгани гувоҳи бўлдик.

Ҳисоб-китобларга кўра, бунинг учун 55 миллион сўм сарфланади. Сектор ҳудудида бу каби хайрли ишларни бажариш борасида муайян тажриба тўпланган. Шу ўринда бир мисол. Ширин қишлоғида яшовчи, «темир дафтар»да рўйхатда турувчи, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор Гулсара Савриновага 2-сектор ташаббуси билан ҳомийлар кўмагида 4 хонали янги уй-жой қуриб берилди.

— Ҳудудимиздаги 12 та маҳаллада 9 минг 549 та оила истиқомат қилмоқда, — дейди туман прокурори, 2-сектор раҳбари Ботир Султонов. — Аҳоли сони 37 минг нафар. Фуқароларни ташвишлантираётган масалаларни жойида ҳал этиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, одамларнинг яшаш шароитларини яхшилаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бандлик — долзарб масала саналади. Секторнинг бу йўналишдаги ишлари эътиборни тортмай қўймайди. Ҳудуддаги “Vobkent tola klaster” масъулияти чекланган жамияти, «Экваториал Чодак» корхонаси имкониятларидан оқилона фойдаланилмоқда. Масалан, лойиҳа қуввати 28 миллион евро бўлган “Vobkent tola klaster” масъулияти чекланган жамиятида ҳозирги кунда 459 нафар ишчи ишламоқда. Улар орасида «темир дафтар», «ёшлар дафтари»да турганлар ҳам бор. Дилобар Абдужабборова ана шуларнинг бири. Эшитиш қобилиятини йўқотган, ногиронлиги бўлган бу қизнинг дастгоҳларни абжирлик билан бошқараётганини кўриб тасанно айтасан, киши. Тўрт мучаси соғ, аммо боқимандалик кайфиятига берилган айрим фуқароларга қатъиятли шу қизни ўрнак қилиб кўрсатса арзийди.

Айтиш жоизки, сектор ҳудудидаги 621 та оила ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги ва оилавий даромад манбалари етарли даражада бўлмаганлиги сабабли «темир дафтар»га киритилган. Бу эҳтиёжманд оилаларнинг 750 нафар аъзоси меҳнатга лаёқатли, аммо ишсиз эди. Барчасининг бандлиги таъминланди.

621 та камбағал оиладан 589 тасининг оилавий шароити уларни иш билан банд қилиш, такрорий экин учун ер майдонлари бериш, имтиёзли кредит маблағлари ажратиш ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатиш ҳисобидан яхшиланганлиги сабабли Халқ депутатлари туман кенгашининг тегишли қарорлари билан «темир дафтар»даги рўйхатдан чиқарилди.

Умуман олганда, ҳудудда ҳар бир ишни «маҳаллабай» тизими орқали оли бораётганимиз катта самара беряпти. Қолаверса, маҳаллаларнинг «ўсиш нуқта»си, яъни драйверини аниқлаб олиб, шу асосда иш ташкил этилса, албатта, яхши натижаларни қўлга киритиш мумкин.

Истам ИБРОҲИМОВ
(«Халқ сўзи»).
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер