Москва давлат техника университети Фарғона политехника институти билан ҳамкорлик қилади

14:50 25 Октябр 2022 Жамият
1261 0

Фото: Халқ сўзи

Бугунги кунда мамлакатимиз олий таълим тизимида меҳнат бозори талабларига мувофиқ рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш ҳамда барча бўғинда жаҳон илм-фани ютуқлари, инновацион ғояларни амалиётга кенг татбиқ этиш борасида қувонарли ютуқларга эришилмоқда. Бу юртимиз олий таълим тизимининг янада жозибадорлигини оширишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Айни жараёнда 2018 йилдан буён мунтазам равишда ўтказилиб келинаётган Ўзбекистон-Россия таълим форуми икки мамлакатнинг олий таълим тизими, илм-фан, инновацион технологиялар соҳаси мутасаддилари, олимлар, профессорлар, педагогик жамоатчилик, ёш тадқиқотчиларни муштарак мақсад йўлида бирлаштиради. Шу йилнинг 26-27 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида учинчи бор бўлиб ўтадиган форум ҳам бу борада ўзаро манфаатли орзу-режаларни биргаликда амалга ошириш имконини беради.

Куни кеча Фарғона политехника институтига Н. Э. Бауман номидаги Москва давлат техника университети вакиллари ташриф буюришди. Юзма-юз мулоқотда икки олий таълим муассасаси раҳбарлари Ўзбекистон-Россия III таълим форуми доирасида имзоланадиган ҳужжатлар ва келгусидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида ўзаро келишиб олдилар.

— Бугун илмий салоҳиятни ошириш, ўзаро ҳамкорликда таълим дастурлари ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчилар, талабалар алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, илм-фанни ишлаб чиқариш жараёнига интеграция қилиш, биргаликда истиқболли инновацион ғояларни амалга ошириш сингари йўналишларда ўзаро фикр алмашилди, — дейди Фарғона политехника институти ректори Ўктам Саломов. — Шунингдек, меҳмонларга институтимиздаги таълим жараёнлари, талабалар учун ярaтилган шарт-шароитлар, олий таълим муассасаларида инновацион таълим трансформациясини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда институтда ташкил этилиши режалаштирилаётган инновацион технопарк лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Икки таълим муассасаси бўйича мос келувчи йўналишларда қўшма таълим дастурларини йўлга қўйишга келишиб олинди.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер