Мўйноқда ҳаёт қайноқ
Мўйноқ туманида бўлаётган ўзгариш ва янгиланишларни кўрганимизда Президентимизнинг «Маданият Мўйноқдан бошланади» деган сўзлари ёдимизга тушади. Ҳақиқатан ҳам бугунги бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари ривожланиш Мўйноқдан бошланаётганини кўрсатиб турибди. Куни кеча Мўйноқда бир кунда бир неча объектлар ўз фаолиятини бошлади.

Мўйноқда янгидан қурилиб фойдаланишга топширилаётган объектларнинг очилиш маросимларида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Камалов иштирок қилди.

Дастлаб, «Тоқпақ ата» жоме масжиди очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти вакиллари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик иштирок қилди. «Тоқмақ ата» масжиди бир вақтнинг ўзида 300 кишини сиғдира олади. Меҳмонлар масжидда яратилган шароитлар билан танишди ва марҳумлар руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди.

Шундан сўнг М.Камалов туман маданият марказида ҳудуд ёшлари билан учрашди. Учрашувда ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикр ва таклифлари, муаммолари бўйича мурожаатларини тинглади. Ёшлар муаммоларини ҳал қилиш бўйича Мўйноқ тумани ҳокими Е.Эденбаевга топшириқлар берилди.
Жорий йилда 500 нафардан ортиқ муйноқлик ёшлар талабаликка қабул қилинди. Учрашувда олий ўқув юртига қабул қилиш бўйича имтиёзлар берилгани учун ҳудуд ёшлари Президентимизга миннатдорлик билдирдилар.
Жўқорғи Кенгес Раиси М.Камалов туман марказида «TURSINBEK DENT» стоматология хусусий клиникаси, «ARAL HOTEL MUYNAK» масъулияти чекланган жамияти ва «Денгиз» меҳмонхонасининг тантанали очилиш маросимларида иштирок қилди. Шунингдек, «Мўйноқ порлоқ текс» тикувчилик фабрикасида бўлиб, у ерда меҳнат қилаётган хотин-қизларга яратилган шароитлар билан танишди. Қурилиши давом қилаётган объектларда ҳам бўлиб, қурилиш ишлари билан танишди.
Бугун Мўйноқда ҳаёт қайноқ. Энди Мўйноқ юртимизнинг энг олис ва чекка тумани эмас, балки бунёдкорлик ва тараққиёт бошланадиган манзилга айланиб улгурди.
Ғайрат Отажонов,
"Халқ сўзи"
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг