МИБнинг ёрдамига умид қилгандим

16:00 24 Январь 2022 Жамият
871 0

Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга берилаётган имкониятлар мени ҳам бефарқ қолдирмай, 2017 йил бошларида ўз тадбиркорлигимни йўлга қўймоқчи бўлдим. Бу борада кўпчилик билан ҳамфикр бўлдим, бизнес ғоялар туздим. Лекин ишни бошлаш учун менга аввало ер керак эди. Имконият пайдо бўлиб, уйимизга яқин жойдаги фойдаланилмай турган жой кимошди савдосига қўйилди. 2018 йил 24 октябрь куни «Электрон онлайн- аукционларни ташкил этиш маркази» давлат унитар корхонаси томонидан ташкиллаштирилган аукционда ёғочни қайта ишлаш цехини очиш учун 10 сотих (0.1 гектар) ер участкасини бошланғич нарх ошиб бориш тартибида 25.330.935 сўмга ютиб олдим.

Ғолиблик баённомасини олганимдан сўнг ишни бошласам бўлаверади, деб ўйлагандим. Лекин эрта қувонган эканман. Аукционга қўйилган ер муаммоли бўлиб, уни ноқонуний эгаллаб турган соҳиблари чиқиб қолди. Бу инсон билан судлашишгача бориб етдик. Орада ер учун менинг номимга кадастр хужжатлари тайёрланди. Бир неча бор мурожаатимдан сўнг туман МИБ ижро ҳаракатларини бошлаб, ноқонуний қурилмани мажбурий тартибда буздириб берди. Бу орада икки йил вақт ўтди. Шунда яна бир кишида ҳам кадастр ҳужжатлари пайдо бўлди ва у одам ҳам «Ер меники» дейишга тушди. Ваҳоланки, Баённомада кўрсатилганидек бу бўш жой деб аукционга қўйилган ва белгиланган шартларни бажариб, ғолиб бўлган эдим.

Ҳақиқий машмаша шундан кейин бошланди. Яна тегишли идораларга арз қилишга тушдим. Бош прокуратура, Президент Халқ қабулхонасига мурожаатларимдан ҳам натижа чиқмади. Хуллас, тадбиркорлик қилиш учун сотиб олган еримга эгалик қила олмаганимдан ҳафсалам пир бўлди. Тарвузим қўлтиғимдан тушиб, аукционга тўлаган пулларимни қайтариб олишга қарор қилдим. Шу мазмунда берган аризамни 2021 йил март ойида кўриб чиққан Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди 2018 йил октябрида ўтказилган аукционда мени ғолиб деб топиш хақидаги баённомани бекор қилди.

Бир қарашда ишлар битгандек эди. Бироқ Мингбулоқ туман ҳокимлигидан аукцион натижаси бўйича тўлаган пулимни қайтариб олиш муаммога айланди. Аниғини айтганда, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хузуридаги Мажбурий ижро бюроси Мингбулоқ туман бўлимининг туман ғазначилик бўлимига 2021 йилнинг 4 май куни чиқарган ижро ҳаракати бажарилмади. Бунга ҳам, мана, тўққиз ой бўляпти. МИБ бўлими бошлиғи Аъзамжон Дехқоновга бир неча бор учрадим. Ҳар гал қуруқ ваъда...

Менимча, МИБга топширилган ишларнинг ижроси учун маълум муддат белгиланган. Амалда қайсидир фуқародан қарз ундирилиши керак бўлса, бу иш унинг мулкигача қаратилади. Бироқ менинг ишимни битиришга келганда... Хуллас, Мажбурий ижро бюросидан умидим катта эди.

Васлиддин ҲАКИМОВ, Наманган вилояти Мингбулоқ тумани.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер