“Мен ғолиб”да ким ғолиб?
Мудофаа вазирлиги қўшинларида ўтказилаётган “Мен ғолиб” шиори остидаги танлов бугун ҳар бир ҳарбий хизматчини янги марралар сари чорлаб, касбий маҳорати, билим ва кўникмаларини оширишга ундовчи куч бўлиб хизмат қилмоқда.
Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинларида мазкур шиор остида ўтказилган “Энг илғор пулемётчи” танловининг қўмондонлик босқичи иштирокчилари ҳам “Мен албатта ғолиб бўламан” деган ният ва шижоат билан ўзаро беллашдилар. Бу ҳақда ушбу қўшинлар қўмондонлиги матбуот хизмати хабар берди.

Танлов, Навоий шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда ўтказилиб, унда Тошкент, Фарғона, Навоий, Қарши шаҳарларидан, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасидаги бўлинмалардан келган пулемётчи мутахассислар иштирок этди.

Танловнинг назарий босқичида қатнашчилар билетлар асосида, 30 дақиқа ичида отиш, тактик, маънавий-маърифий тайёргарлик ва Умумҳарбий низомлар бўйича саволларга жавоб берган бўлсалар, амалий босқичда улар 7,62 мм.и ПКМдан нишонларга ўқ отиш, тактик, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш ва жисмоний тайёргарлик каби фанлардан учтадан меъёрларни бажардилар.

Қизғин ва муросасиз кечган беллашувлар натижаларига кўра, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Дилшодбек Пардабоев фахрли биринчи ўринга муносиб деб топилиб, танлов ғолиби бўлди. 2-ўрин катта сержант Ўктам Бобоевга, 3-ўрин эса шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Муҳриддин Норсоатовга насиб этди.
Ғолиблар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг