Меҳнат ярмаркасида раҳбар иштирок этса, самара бўлади

14:59 10 Апрель 2026 Жамият
222 0

Навоий шаҳрида ишсиз ҳамда «Ижтимоий ҳимоя реестри»да турган фуқаролар ҳамда таълим муассасасини тамомлаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида бўш иш ўринлари бўйича «Меҳнат ярмаркаси» ташкил этилди.

Ушбу ярмаркада вилоятнинг Нурота туманидаги Қизилча қишлоғида 40 йил ёшларга таълим берган Ўролбой ака Наҳаловни учратиб қолдик.

Умрининг етмиш тўрт баҳорини қарши олган таълим фахрийси бугунги кунда Навоий шаҳрида истиқомат қилади. Янги йил арафасида домла шаҳардаги барча қизилчаликларни бир дастурхон атрофига жамлаб, ҳамжиҳатликка чорлади. Ўзига ўхшаш оқсоқоллардан тўртта гуруҳ тузиб, ҳамқишлоқларининг тўй-маросим, ҳуқуқий маслаҳат, бандлик ва саломатлиги масаласидаги муаммоларини ечишда кўмаклашиш ишларига ҳар бир соҳанинг нафақадаги қизилчаликларини масъул қилиб белгилаган.

Бугунги ярмаркага эса уч нафар ҳамқишлоғининг фарзандларини олиб келган экан.

— Кўп меҳнат ярмаркаларини кўрганман, — дейди Ў. Наҳалов. — Яшириб нима қиламан, илгари ярмарка бўлса корхона ва ташкилотлар «отдел кадр» ёки бирор-бир мутахассисини юборарди. Ишга қабул қилиш ваколатига эга раҳбар келмаганидан кейин, ярмаркаларнинг очиғи самараси ҳам бўлмасди. Бугунгисини қаранг, икки кун вилоят ҳокими бошчилигида ҳар бир бошқарма, корхона ва ташкилотнинг раҳбари қатнашгани сабабли натижа бўлди.

Бевосита ярмарка статистикасига тўхталадиган бўлсак, унда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан жами 215 та корхона ва ташкилотлар ҳамда хусусий корхоналар ўзларида мавжуд 4508 та бўш иш ўринлари, шунингдек, меҳнат шароитлари ҳамда ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ кўргазмали материаллари билан иштирок этди.

Хусусан, ярмаркада Навоий шаҳрида жойлашган «JSM textile» МЧЖ 250 та, «BAXT TEXTILE» МЧЖ 350 та, «TIANCHENG STONE» хорижий корхонаси 100 та, Кармана туманидаги «Grant imperi market» МЧЖда 75 та, «Сalik Energy» МЧЖда 35 та ва ҳоказо корхоналар томонидан жами 3718 та бўш иш ўринларини таклиф этилиб, 284 нафар фуқаро шу куннинг ўзида ишга жойлаштирилди. Шунингдек, иштирокчиларнинг 56 нафари касб-ҳунарга ўқишга жалб этилиб, 212 нафарига ўзини ўзи банд қилишлари учун имтиёзли кредитларга тавсиялар берилди.

Бундан ташқари, ярмарка давомида 560 нафардан ортиқ иш қидирувчи фуқароларга бандлик, ишга жойлашиш, меҳнат муносабатлари ҳамда хорижда ташкиллаштирилган ҳолда ишга жойлашиш билан боғлиқ ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

— Бугунги кунда вилоятимиз бўйича ўн мингга яқин бўш иш ўринлари мавжуд, — дейди Навоий вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Лутфулло Хайруллаев. — Албатта, бу вилоят меҳнат бозоридаги талабга нисбатан бир неча баравар кўп. Бу каби ярмаркалардан асосий мақсад эса ушбу бозордаги талаб ва таклифни бир-бири билан учраштириб, ҳар икки субъект манфаатларини қаноатлантиришдан иборат.

Ярмарка доирасида вилоят ҳокими ёшлар билан учрашиб, уларнинг ўз иш ўринларига эга бўлишлари ва бошқа ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ таклиф ва мулоҳазаларини тинглади.

Бўш иш ўринлари ярмаркалари вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманларида давом этиб, уларда иш берувчи субъектнинг раҳбарларининг шахсан иштирок этиши қатъий назоратга олинган.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер