Матбуот — ҳаёт кўзгуси
Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонда мутолаа маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки бугун ёшларда китобга, адабиётга муҳаббатни шакллантирмасак, келажакда улардан юксак маънавиятни кутиш амримаҳол. Фақат чинакам адабиётгина инсонни эзгу қадриятларга ошно этади, тафаккурини бойитади, мулоҳазага чорлайди.
Ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатмоқдаки, бугунги шиддатли давр ёшларда сиёсий онг ва ҳуқуқий саводхонликни ҳам шакллантириб боришни талаб этмоқда. Ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга интилаётган эканмиз, бунда кенг миқёсдаги янгиланишлар жараёнига уларнинг дахлдорлигини ошириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Илгари мактабларда дарс бошланишидан аввал беш дақиқалик “сиёсий ахборот” — газеталар шарҳи ўтказилар эди. Катта авлоднинг сиёсий етуклигига шу ҳам сабаб бўлгандир, балки. Зеро, ҳар доим сиёсий тузумнинг ўзгариши ва қайта қуриш жараёнлари одамларга ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириш орқали кечган. Ва бунда бош ролни айнан матбуот ўйнаган. Тарихга назар солсак, бунга етарлича мисолларни кўриш мумкин. Бугунга келиб айрим шахсларнинг газеталарга бефарқ муносабати эса уларнинг сиёсий билим ва маданияти қанчалик даражада эканлигини ҳам кўрсатмоқда.
Бугунги кунда марказий нашрларда мамлакатимиз кундан-кунга босиб ўтаётган мураккаб, аммо шонли ва шарафли йўл акс этаётир. Ўзининг газета ўқимаслиги ҳақида фахр билан айтаётганлар бу йўлнинг ҳаётбахш нурларидан, улардаги рангоранг жилолардан тўла баҳраманд бўлаётир, дея олмаймиз.
Ахир айнан газета нафақат бугунги кун панорамасини тўлиқ кўриш ва кузатиш, балки келгусидаги истиқболни ҳам яққол тасаввур қилишга ёрдам бериши кундек равшан-ку?! Газета худди дарслик сингари барча мавзуларни, мамлакатнинг бутун тарихий йилномасини қамраб олади. Ундаги мақола — эртагаёқ эсдан чиқиб кетадиган узуқ-юлуқ фактнинг ўзигина эмас. Мақолага ҳар доим қайтиш мумкин. Керак бўлганда, яна бошдан мулоҳаза қиласан, муҳим жойларини белгилаб, ўқиганларни кейинчалик фойдаланиш учун сақлаб қўйиш мумкин. Эфирда кетган маълумотларни олганда бўлганидек ниманидир ўтказиб юбориш зинҳор мумкин эмас.

Шу билан бир қаторда, матбуотда ишлашнинг ўзига яраша машаққати бор. Битта мақола ёки ахборот тайёрлангунча неча кишининг кўз нури тўкилади, кейин саҳифаланади, ҳар бир саҳифа мусаҳҳиҳлар қўлидан ўтказилиб, босмахонага юборилади ва тонггача тўлиқ босмадан чиқарилади, охирида тайёр маҳсулот — газета ўқувчилар қўлига етиб бориши учун бутун мамлакат бўйлаб юзлаб одамлар жон койитади. Масъуллар тун-алламаҳалгача, янаям аниқроғи, тонготаргача қолиб ишлайди. Энг қизиғи, шу ҳол ҳар кун такрорланади. Бундай иш тартибига ҳар қандай одам ҳам чидаш беролмаслиги аниқ.
Изласак, юртимизда ҳам замон талабига кўра фаолият юритаётган босма нашрлар кўп. Кейинги йилларда газеталаримизда мунтазам равишда иқтисодий шарҳлар бериб бориляпти, ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар, ислоҳотлар қандай бораётгани, Президент Фармон ва қарорлари одамлар ҳаётига қандай таъсир кўрсатаётгани кенг ёритилмоқда. Таҳлил ва шарҳлар тайёрлаш учун миллий ва хорижий экспертлар, сиёсатчилар, турли соҳа мутахассислари жалб этиляпти. Газеталаримизга катта масъулият юклатилган — у ҳам бўлса, ватандошларимизга эртанги ёруғ кунлар сари бораётган йўлида ҳамқадам бўлиш, таъбир жоиз бўлса, ҳамроҳи, сирдошига айланишдир.
Жамиятнинг маданияти юксалишида ҳам газетанинг ўрни салмоқли. Негаки, айнан газета тил софлигини, унинг адабий-бадиий хусусиятларини, сўз юки ва қудратини нафақат сақлаб қолади, балки ошириб ҳам боради. Босма нашрда ҳар бир сўз чуқур ва кенг маъно-мазмунга эга. Газета адабий тил қоидаларига тўлиқ амал қилгани учун ҳам қадрли. Айнан босма нашрларда ишловчи журналистлар шу боис ҳам ахборот майдони элитаси ҳисобланади. Улар ўз ўқувчилари олдидаги юксак масъулиятни ҳис этган ҳолда, мулоҳазакорлик, ҳаққонийлик, ҳалоллик ва бурчга содиқликни фаолиятининг асосий тамойиллари деб билишади.
Хуллас, газета ўқишни хоҳламайдиган киши — ҳаётга панжаранинг кичик бир тирқишидан қарашга маҳкум инсон кабидир.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш учун очиқ майдон яратилди. Бундай имкониятдан фойдаланиш йўлидаги турли ғовлар: маъмурий, норасмий чекловлар деярли олиб ташланди. Жамиятда ҳар ким ўз фикрини бемалол билдириши, мурожаат ва эътирозлари, таклиф ҳамда шикоятларини эркин ифода этиши учун зарур ҳуқуқий база яратилди ва у такомиллаштирилмоқда. Фуқаролар, журналистлар, блогерларга катта минбарлар берилди. Булар интернет, ундаги ижтимоий тармоқлар, порталлар, газета-журналлар, ТВ ва радио, хуллас, ахборот етказишнинг барча воситасини, онлайн ва офлайн, анъанавий ва ноанъанавий инструментларни қамраб олди. Шунга яраша инсоннинг сўз ва ахборот олиш эркинлиги, журналистик фаолият эркинлиги кафолатлари тубдан мустаҳкамланди, бундай ҳуқуқларга дахл ёки қаршилик қилганларга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари кучайтирилди.
Пировардида юртимизда шаффоф ва тезкор ахборот майдони вужудга келди. Турли ахборот сайтлари ривожлана бошлади, блогерлик ҳаракати кенг қулоч ёзди. Бугун ҳар ким ва ҳар бир ташкилот, хоҳ у матбуот соҳаси бўлсин, хоҳ бошқа соҳа ўз сайти, “Telegram” канали, “Facebook”, “Youtube”, “Instagram” каби ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини юритиши оддий ҳолга айланди. Табиийки, бундай ҳолатда ахборот олиш ва етказиш жабҳасида ҳам рақобат кескин кучайиб кетди. Хўш, бундай замон шиддатига, тараққиёт шартларига ҳамма ҳам дош бера оляптими? Тезкорлик билан мослашишнинг уддасидан чиқмоқдами? Шубҳасиз, йўқ ва бу табиий жараён. Сабаби, ҳар қандай рақобатда барибир кимдир етакчи бўлади, бошқаси ўртамиёна ва яна кимдир аутсайдер. Ҳатто унга дош бера олмай чиқиб кетаётганлар ҳам йўқ эмас.
Тан олиш керак, бугунги кунда аудитория қамрови бўйича ва умуман, контент рейтингларида нодавлат оммавий ахборот воситалари, хусусан, интернет сайтлари, шунингдек, блогерлар юритаётган онлайн каналлар етакчи ўринларда туради. Биз уларнинг бу ютуқларидан фақат хурсанд бўламиз. Шу билан бир қаторда, бу ҳали олдимизда қилинадиган ишлар кўплигини ҳам англатади. Яхши томони шундаки, мазкур ҳолат плюрализм мавжудлигини англатади, бу эса ахборот тарқатишда рақобатни кучайтириб, сўз ва фикр эркинлиги учун янги имкониятлар эшигини очади. Бу, ўз навбатида, фуқаролик жамияти қуришнинг асосий талабларидан биридир.
Бошқа томондан эса плюрализмни бошбошдоқлик, ўзбилармонлик деб тушунмаслик керак. Чунки бундай қараш давлат ахборот хавфсизлиги, ижтимоий барқарорлик ҳамда социал кайфиятни издан чиқариб юбориши мумкин. Шунинг учун бу борадаги олтин ўрталиқни таъминлаш бугун ҳар қачонгидан муҳимдир. Бинобарин, охирги пайтларда айтилаётгандек, нафақат Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА каби расмий ахборот етказиб берувчилар, балки давлат ҳокимияти органлари матбуот нашрлари, веб-сайтлари фаолияти, салоҳияти, моддий-техника базаси, кадрларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни тубдан қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Бунинг учун нима қилиш керак? Давлатимиз раҳбари ҳаётимиздаги бугунги улкан ўзгаришлар, ислоҳотларимиз мантиғи барчамиздан янгича ишлашни, янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишни талаб этаётганини таъкидлаган ҳолда, оммавий ахборот воситалари олдига кенг миқёсли вазифалар қўяётган бир пайтда ишни қандай ташкил этиш лозим? Келинг, ушбу саволларга қуйидаги контраст ва мезонлардан келиб чиқиб жавоб беришга уриниб кўрамиз.

Биринчидан, дунёқараш масаласи. Давлат органларидаги матбуот мутасаддилари доимий изланишда бўлишлари лозим. Давлат телеканали ва сайти ёки матбуотда ишлайдиган ҳар бир журналист ҳам масалага шундай ёндашиши керак. Доимо ўз устида тинимсиз ишлаши, тажриба тўплаши, кўпчиликни ўйлантираётган муаммоларни кўтариб чиқиш орқали каттароқ аудиторияга эга бўлишга интилиши лозим. Бунга нафақат дунёнинг, балки юртимизнинг яқин тарихида ҳам мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Иккинчидан, рақобат масаласи. Интернет даври бошланиши билан даврий матбуот ниҳоятда мураккаб аҳволга тушиб қолди. Пандемия эса унинг инқирозини янада тезлаштирди. Бу бутун дунёда кузатилмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Анъанавий босма нашрларнинг обунаси буткул тушиб кетган. Бунга бир томондан етказиб бериш хизматининг беқарорлиги сабаб бўлса, бошқа томондан обунани расмийлаштириш жараёнларининг нисбатан мураккаблиги, газеталарни киосклардан харид қилиш имкони йўқлиги ҳам таъсир кўрсатмоқда. Шунга яраша газеталарга реклама бериш ҳам кескин камайиб кетди.
Газета-журналлар ушбу ҳолатдан чиқишнинг муқобил йўлларини қидиришаётганига анча бўлди. Улар газеталарнинг электрон вариантларини интернет орқали эълон қилиш, ижтимоий тармоқларда фаол қатнашиш чораларини кўришяпти. Лекин буларнинг барчаси маблағга бориб тақалади. Бундай имконият эса ҳаммада ҳам йўқ. Кўпчилик нашрлар, ҳатто кадрларини ва техник базасини сақлаб қолиш учун ҳам муассисларнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолгани кўп нарсани англатади.
Бу борада бошқа мамлакатлар қандай йўл тутяпти? Узоққа бормайлик. МДҲ давлатлари ичида коронавирусдан энг кўп азият чекаётган Россияни олиб кўрамиз. Бошқалар каби Россияда ҳам оммавий ахборот воситалари коронавирус тарқалишидан энг кўп зарар кўрган тармоқлар рўйхатига киритилган. Шу боис соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қарор қилинди. Маълум қилинишича, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари доирасида Россияда ОАВнинг солиқлар тўлашини олти ойга кечиктириш, уларга давлат, коммунал ёки хусусий мулклардан фойдаланганлик учун ижара тўловлари ҳамда иш ҳақи тўлаш учун ссудалар ажратиш, бундан ташқари, ҳар қандай эҳтиёжлар учун икки фоизлик кредитлар бериш кўзда тутилмоқда.
Учинчидан, кадрлар масаласи. Табиийки, бугунги яхши кадр, шу жумладан, ўзига ишонган ва истеъдодли журналист, ўз қадрини яхши билади, дуруст ҳақ тўланадиган жойда ишлашни хоҳлайди. Бозор иқтисодиёти шароитида бу табиий ҳол. Замон талабларига жавоб берадиган журналист кадрларнинг эса талабгорлари ҳам кўп. Табиийки, у ўз ҳаёти ва келажаги учун моддий рағбатни ҳар томонлама таъминлаб бера оладиган жойни танлайди. Айтиб ўтганимиздек, молиявий-иқтисодий аҳволи пандемия туфайли янада хароб ва ҳаминқадар бўлиб қолган жойда кадрлар қўнимсизлиги оддий ҳолга айланиши, шубҳасиз.
Агар шундай пайтда давлат органлари, муассислар ўзларига тегишли оммавий ахборот воситаларини моддий қўллаб-қувватласа, ходимларни рағбатлантириш сиёсати самарадорлигини оширса, нафақат малакали кадрларни ушлаб қолиш имконияти ошади, балки бошқа “ақл”ларни ҳам жалб этиш имконияти пайдо бўлади.
Тўртинчидан, танқид масаласи. Аксарият ўқувчиларда расмий каналлар ёки нашрлар танқидий материалларни кам беради, кўпроқ ижобий ҳолатлар ёритилади, деган стереотип пайдо бўлган.
Чиндан ҳам, давлат органлари муассислигида фаолият юритадиган оммавий ахборот воситаларидан фарқли ўлароқ, нодавлат оммавий ахборот воситалари ҳукумат, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари олдида ҳисобдор эмас. Уларнинг асл мақсади аудиторияни кўпайтириб, даромад орттириш, бизнес қилиш. Табиийки, ахборот соҳасида ахборот берувчи давлат органларига тобе бўлмасагина даромад олиши мумкин. Бу борада давлат телеканаллари, нашрлари ва сайтларининг имкониятлари чекланганини нафақат ўша жойда ишлайдиганлар, балки муассислар ҳам яхши билади.
Бешинчидан, ички цензура масаласи. Узоқ йиллар давомида фақат ижобий руҳдаги мақолалар ёзишга кўникиб қолган журналист учун тўсатдан танқидий материал тайёрлаш осон кечмаслиги аниқ. Бунинг учун у, аввало, ўз фикрлаш тарзини ўзгартириши керак бўлади. Қолаверса, ҳамма ҳам бир деганда бунинг уддасидан чиқавермайди. Афтидан, айнан шу жиҳат янги Ўзбекистоннинг дастлабки йилларида ахборот майдонидаги эстафета таёғи блогерлар, хусусий интернет сайтларига ўтиб кетишига туртки берди. Айнан улар жамият ҳаётидаги энг оғриқли муаммолар (мажбурий меҳнат, коррупция, “снос”лар, ҳокимларнинг зўравонликлари)ни дадил кўтариб чиқишди. Имконият қўлдан бой берилгач, уларга “етиб олиш” анча қийин масала бўлиб қолди.
Олтинчидан, манбалар билан ишлаш масаласи. Энг долзарб ва муҳим воқеалар, янгиликлар ҳақида одамлар давлат нашрлари, каналлари ёки сайтлари орқали эмас, балки хусусий ахборот сайтлари, блогерлар, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар ва ҳатто хориждаги оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўлишмоқда. Расмий манбалар эса бу борада маълум муддат сукут сақлайди, фақат рухсат бўлгандан кейингина шу ҳақда ахборотни узатади. Бу вақтда қанчадан-қанча бошқа хабарлар тармоқлар орқали “оқиб келаётган” бўлади.
Буни иккита омил билан тушунтириш мумкин. Биринчиси — ҳамон эскича фикрлаш, ички цензура, бир қолипга тушиб қолганлик. Иккинчиси, баъзи манбалар жиддий мавзулардаги янгиликларни аввал ахборот сайтларига сиздиришдан, кейин расмий хабар беришдан манфаатдор.
Еттинчидан, журналист кадрлар тайёрлаш масаласи. Мамлакатимизда сўнгги йилларда журналист кадрлар тайёрлайдиган ўқув даргоҳлари сони кўпайди. Шундай экан, бўлғуси журналистларнинг давлат органлари муассислигида фаолият юритадиган таҳририятлар ва телеканалларда амалиёт ўташини ташкил қилиш ҳам долзарб масалалардан. Бу ерда улар ҳақиқий журналистик материаллар қандай тайёрланишини ўрганади, соҳанинг негизини ташкил этувчи билим ва малакаларини оширади.
Бундан ташқари, ўқув даргоҳларида Ватан манфаатларига садоқатли етук журналистни етиштириб беришга хизмат қиладиган ўзбек тилидаги сифатли дарсликлар, адабиётлар жуда кам. Борлари ҳам эски ва улар такомиллаштиришга муҳтож. Хорижда тан олинган мутахассисларнинг китобларини таржима қилишга эҳтиёж жуда катта.
Аслида, демократик фуқаролик жамиятида журналистларнинг обрўси анчайин баланд бўлади. Чунки улар ҳақиқий тўртинчи ҳокимият, давлат ва халқ ўртасидаги ўзига хос маънавий-маърифий кўприклардан бири ҳисобланади. Бинобарин, журналист ҳар бир ёзаётган сўзи учун масъулиятни ҳис этади, халқ, жамият олдида жавобгар ва ҳисобдор бўлади. Блогерда эса мутлақо бошқача ёндашув. У кўп ҳолларда ўзининг шахсий фикрини ифодалайди ва бу фикр жамиятга муайян таъсир ўтказади.
Бу ерда гап журналистларни блогерлар билан, давлат оммавий ахборот воситаларини хусусийлари билан таққослашда эмас. Асосийси, бугунги кунда улар ўртасидаги мувозанатни сақлаш. Бунда журналистлардан давр талабларига мослашиш, меҳнат самарадорлигини ошириш талаб этилади. Бу эса мамлакатимизнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Фикримизча, ҳозирги шароитда босма нашрлар қуйидагича ҳаракат қилишлари лозим:
- Биринчидан, газеталар воқеаларни ўзларининг интернетдаги сайтлари орқали тезкор бериши мумкин. Таҳририятлар бу шароитда конвергенция жараёнларини тезлаштиришлари, ўз олдиларига кўпроқ мақсадлар қўйишлари керак. Бунда асрлар давомида шаклланган сўзга масъулият билан ёндашиш хусусиятининг рақамли форматда ҳам ўз аксини топиши уларга бугунги кунда ишлаб турган веб-ресурсларга нисбатан устунлик беради. Босма ҳолатда эса энг муҳим воқеалар ҳақидаги мақолалар, таҳлилий материаллар, интервьюлар, қизиқарли репортажлар ва публицистикани бериш мумкин.
- Иккинчидан, шарҳлар ва таҳлилий мақолалар тайёрлашга жалб этиладиган экспертларнинг сонини ошириш керак. Вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда ОАВ билан доим алоқада бўладиган эксперт ва мутахассислар гуруҳларини ташкил этиш ҳақида кўп гапирилди. Албатта, бундай ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва моддий рағбатлантириш зарур. Ҳеч бўлмаганда муносиб қалам ҳақи тўланиши керак.
- Учинчидан, телевидение, радио ва интернет нашрлардан фарқли ўлароқ газеталар бўлаётган воқеаларни кўрсатиб бериш билангина чекланиб қолмасдан, ўз даврининг солномасини ҳам яратади. Кўп ўтмай, газета ва журналларда чоп этилган материаллар тарихий манбага айланади. Шу маънода, энг муҳим тарихий жараёнларни кенг ва батафсил ёритиш ўзгармас шартлардан бири бўлиши керак.
- Тўртинчидан, маълум маънода матбуотнинг бошқа шаклга ўтиши кадрларни қайта тайёрлашни, уларга янги форматдаги билимлар беришни талаб этади. Улар тажрибали мураббийларнинг семинарларида фаол иштирок этишлари, хориждаги муваффақият билан иш олиб бораётган таҳририятлардан мутахассисларни тажриба алмашиш учун жалб этишлари зарур. Шу билан бир қаторда, кўпгина таҳририятлар техник модернизация қилиниши шарт, лекин улар бунга моддий жиҳатдан қодир эмас. Бу борада ишлаб чиқариш воситаларини янгилаш учун ажратиладиган имтиёзли кредитлар муаммони ҳал этиши мумкин.
- Бешинчидан, янги форматга ўтиш, ижодий эксперимент, бренд ва дизайнни тубдан янгилаш — аудиторияни ўзига жалб этиш, афзалликларни кўрсата билишнинг муҳим омилларидан. Видеоформатларни ишга солиш, саҳифалашда янги дастур ва усуллардан фойдаланишда дадил бўлиш, ишни пайсалга солмаслик керак. Бунда ўзимиздаги энг илғор газеталар ва хорижий нашрлар фаолиятини ўрганиб чиқиш катта фойда беради.
Матбуотни ривожлантириш билан боғлиқ яна бир масала, бу — газеталарни ўқувчиларга етказиб бериш тизимини ислоҳ қилиш. Чунки чоп этилаётган матбуот нашрлари истеъмолчига ўз вақтида етиб бормаяпти. Натижада чоп этилган мақолаларнинг долзарблиги, вақт нуқтаи назаридан қиймати йўқолмоқда. Демак, энг аввало, ҳар бир нашрнинг ўқувчига ўз вақтида етказилишини таъминловчи тизим яратилиши кечиктириб бўлмас масалалардан.
Мавриди келганда, эътибор қаратилиши керак бўлган яна бир масалага тўхталмоқчимиз. Бу — ахборотнинг ишончлилиги.
Ишончимиз комилки, бу борада босма нашрлар илғорликни ҳеч қачон ҳеч кимга бермаса керак. Негаки, газета, бу — ҳужжат, у — архив. Асрлар ўтиб жамиятнинг бугунги қиёфасига унга қараб баҳо берилади. Шунинг учун босма нашрлар масъулияти интернет сайтлари ёки блогерликка нисбатан анчайин залварли. Газетада босилган ҳар бир сўзнинг ўз масъулияти бор. У босиб чиқарилгач, на таҳрир қилиб, на ўчириб ташлаб бўлади.
Аслида матбуот — ҳаёт кўзгуси. Яъни у воқеалар жараёнини авлодлардан авлодларга етказувчи манба. Матбуотни ўқиш одамни китобга йўналтиради, бу эса теран фикрлашга, кенг дунёқараш эгаси бўлишга йўл очади. Умуман олганда, ҳар доим ҳам матбуотнинг барқарор ривожланишига аҳолининг матбуотга интилиши ва давлатнинг мунтазам равишда газета-журналларни қўллаб-қувватлаши хизмат қилган.
Афсуски, ўқувчиларимиз керагидан ортиқ соддалаштирилган ёки жўн ахборотларни олиш ва ўқиганларини қандай бўлса, шундайлигича қабул қилишга кўникиб қолаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Ихчамлик, соддалик ва оддийлик орасидаги чегара йўқолиб қолди. Тезкорлик билан тайёрланган янгиликлар, репортажлар ўқувчини мулоҳазага чорламайди. Агар фақат “лайк” олиш учунгина бирор шов-шувли хабар берилиши керак бўлса, у ҳолда ОАВнинг тафаккурни, дунёқарашни ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади.
Таассуфки, бугунги даврда тезда унутиладиган, бирор ёмон воқеа ёки жиноят тўғрисидаги хабарлар одамларни нисбатан кўпроқ жалб этаётир. Айнан “хайп” учун ишлаш мана шундай нохуш хабарларнинг кенг тарқалишига сабаб бўлади. Агар биз намуна кўрсатмасак, бу тенденция борган сари ривожланиб боравериши аниқ. Бу ерда гап ахборотни яшириш ҳақида кетмаяпти, аксинча, ахборотлар хилмахиллигини таъминлаш ва воқеликни холисона ёритиш назарда тутиляпти. Яъни ахборот яхши ишланган, мукаммал предмет эмас, у доимий ҳаракат, ўзига хос жараёндир. Бир оз меҳнат қилинса бас, ўқувчи қуруқ ахборотни ўқибгина қолмай, балки унинг сабаб ва оқибатларини, воқеаларнинг умумий ривожини ҳам кўради.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев соҳа ходимларига йўллаган табригида оммавий ахборот воситаларида ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришлар таҳлили, соғлом танқидий руҳ кучайиб бораётганини таъкидлар экан, ҳам ахлоқий, ҳам профессионал нуқтаи назардан ўта муҳим бир жиҳатга эътибор қаратди. Давлатимиз раҳбари фикрига кўра, ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, аввало, ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланиши, қонун ва одоб қоидалари доирасида бўлиши, шахсий ғараз ва хусуматга, сохта обрў орттириш усулига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиа майдонимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги керак.
Сўзимиз якунида айтмоқчи бўлганимиз, айнан газеталар бу тамойилларга риоя қилган ҳолда, давр талабидан келиб чиқиб қўйилаётган вазифаларни бажаришга қодир, деб ишонамиз.
Ўткир РАҲМАТ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг