Масъуллар мавсумга шайлар

15:51 07 Сентябр 2020 Жамият
760 0

Кузнинг илк кунлари ҳукм сурмоқда. Ҳаводаги илиқликни салқин ҳароратга алишиб улгурмасимиздан қиш фасли эшик қоқади. Шу боис ҳар бир оилада куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш юзасидан тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Кимдир ҳар эҳтимолга қарши кўмир захирасини яратаётган бўлса, бошқаси озиқ-овқат маҳсулоти ташвиши билан банд. Бироқ, қарс ҳам икки қўлдан чиқади. Етарли шароит яратиш фуқароларнинг ўзларигагина боғлиқ эмас. Бу борада ҳар бир мутасадди идоралар масъуллари ҳушёр бўлмоқлари керак. Жумладан, «Андижон сув таъминоти» МЧЖ томонидан аҳолини куз-қиш мавсумида тоза ичимлик суви билан таъминлашда узлуксизликка эришиш учун тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.

— Вилоятимиз ҳудудларига қиш-қировли кунларда ҳам бир маромда ичимлик сувини етказиб бериш мақсадида шу кунгача 35,6 км. масофадаги ичимлик ва оқава сув тармоқлари таъмирланди, — дейди жамият бош муҳандиси Дилмуроджон Султонов. – Бундан ташқари, 23 та сув иншоотлари, 252 та сув насосида таъмирлаш ишлари якунига етказилиб, ишчи ҳолатига келтирилди.

Куз-қиш мавсуми соҳа ходимлари учун ҳамиша тиғиз ҳисобланади. Боиси, бир кунда бир неча носозликларни таъмирлашга тўғри келади. Буларнинг барчаси техник воситаларсиз амалга оширилмайди. Шу сабабдан мавсумга тайёргарлик жараёнида техник воситаларнинг созлигига алоҳида аҳамият қаратилди. Натижада мавжуд 138 та автомашинадан 20 тасида айрим носозликлар аниқланди ва ўз вақтида бартараф этилди.

— Вилоят бўйича 20 та носозликларни бартараф этиш гуруҳлари фаолияти ташкил этилган, —​ дея суҳбатни давом эттиради жамият бош муҳандиси Дилмуроджон Султонов. —​ Ушбу гуруҳ таркибидаги 75 нафар малакали ишчилар ва 38 та техник восита 24 соат мобайнида истеъмолчилар хизматига тайёр.

Биз жамият фаолияти билан танишар эканмиз, вилоятда йилнинг шу даврига қадар тоза ичимлик суви билан боғлиқ 2 минг 266 та, оқава сув тармоғига алоқадор 348 та носозлик юзага келганлиги ва уларнинг барчаси ўз вақтида, сифатли ечим топганлигига гувоҳ бўлдик.

Афсуски, куз-қиш мавсуми талафотлардан холи эмас. Ҳар қанча тайёргарлик кўрилмасин, ҳаётда катта-кичик кўнгилсизликлар юзага келмай иложи йўқ. Бироқ, хавотир олишга ҳам хожат қолмади. Ахир, «Андижон сув таъминоти» МЧЖ бу каби талафотларга қарши курашиш учун ҳозирданоқ белни маҳкам боғлаб, хизматга шай турибдилар.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер