Маслаҳатли тўй тарқамас, лекин...
Ангрен шаҳридаги Самарчўғ маҳалласида истиқомат қилувчи Абдуворис Абдувакилов ўғлининг никоҳ тўйини ихчамгина қилиб — яқин қариндошлар, қўни-қўшни иштирокида, нари борса, 120 киши билан ўтказмоқчи бўлганида, “маслаҳатчи”лар орасида “Тўйларни ихчамлаштириш ҳақида ҳали бирор-бир ҳужжат кучга киргани йўқ-ку, шундай экан, фурсат борида данғиллатиб тўй қилиб қолмайсизми?” деганлар ҳам бўлди. Аммо у айтганини қилди — тўйда ортиқча дабдаба, исрофгарчиликларга йўл қўймади. Аёли ва фарзандининг “орзу-ҳаваслари”га ҳам учмади. Ўзига тўқ одамнинг камтарона тўйи маҳаллада дув-дув гап бўлди. Яхши маънода, албатта.
Бундай мисоллар куни кеча Тошкент вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам кўплаб келтирилди.
Ўзига хос маслаҳат тусини олган мазкур йиғилишда вилоятдаги тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, жойлардаги Хотин-қизлар қўмиталари, Ёшлар иттифоқи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари масъуллари, нуронийлар, ёшлар, шунингдек, тўй ва маросимларда хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низамходжаев, маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков ва бошқалар тўйлардаги дабдабабозлик ҳамда ҳаддидан ошишлар турли кўнгилсизликларни келтириб чиқараётгани, ёшларимизни халқимизга хос, олижаноб қадриятлар руҳида тарбиялашга халал бераётгани, тўй хурсандчилик эмас, исрофгарчилик ўчоғи, оиладаги нотинчлик, қарзга ботишга сабаб бўлиб қолаётганини, шу боисдан ҳам, тўйларни ихчамлаштириш борасида давлатимиз раҳбарининг айни вақтида билдирган фикр-мулоҳазалари барчанинг дилидаги гап бўлгани, бундай саъй-ҳаракатларни жойларда одамлар бажонидил қўллаб-қувватлаётганини таъкидладилар.
Йиғилишда Олий Мажлис Сенатининг шу йил 30 мартдаги қарорига мувофиқ, фуқаролардан келиб тушаётган таклиф ва тавсиялар, кенг жамоатчилик фикри асосида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга доир низом лойиҳаси ишлаб чиқилгани, ҳудудий ишчи гуруҳлар жойларда мазкур лойиҳа билан кенг жамоатчиликни таништириши, лозим кўрилса, низомни реал, мантиқий асосга эга таклиф ва мулоҳазалар билан бойитишга амалий ҳисса қўшиши зарурлигига урғу қаратилди. Шунингдек, ишлаб чиқилаётган ҳудудий низомларда ҳар бир минтақанинг ўзига хос жиҳатлари инобатга олиниши даркорлиги ҳам қайд этилди.
— Бундай очиқ мулоқотларни ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳаллада кўпроқ ташкил этиб, одамлар ичига чуқурроқ кириб боришимиз керак, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Зулхумор Жўраева. — Турли “тўйолди” тадбирларга барҳам бериш, асл анъаналаримиз ва қадриятларимизга зид бўлган, четдан кириб келаётган одатларга йўл қўймаслигимиз лозимлигини одамларимиз тушуниб етишлари, бу борада ўзларининг асосли таклифларини билдиришлари жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Йиғилишда мазкур масала юзасидан вилоят ишчи гуруҳининг таркиби тасдиқланди ҳамда тузилма зиммасига белгиланган муддатда аҳолининг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш ва тегишли таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда масала моҳиятини ҳудудий матбуотда кенг тарғиб қилиш ва таклифларни муҳокама этиш вазифалари юкланди.
Р. ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг