Марказий Осиё ёшлар экологик форуми

14:59 03 Октябр 2023 Жамият
506 0

Фото: “Халқ сўзи”

Самарқандда Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда болалар ва ёшларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича Марказий Осиё стратегиясини ишлаб чиқишга доир Марказий Осиё ёшлар экологик форуми бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Мактабгача ва мактаб таълими, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирликлари, “Замин” халқаро жамоат фонди, ЮНИСEФ, ЮНEСКО, БМТ тараққиёт дастури ва ФАО кўмагида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон экофаолларининг 60 нафардан зиёд етакчиси иштирок этяпти.

Фото: “Халқ сўзи”

Таъкидлаш лозим, мазкур тадбир Бирлашган Араб Амирликларидаги СОП 28 – Иқлим ўзгариши бўйича конвенция иштирокчилари конференцияси муносабати билан ўтказилмоқда.

Унда ёшларнинг иқлим ўзгаришларига қарши курашишдаги ролини эътироф этиш, ёш экофаолларга экологик таклиф ва ташаббусларни илгари суриш учун платформа яратиш ҳамда Марказий Осиёда ёшлар экологик ҳаракатини интеграция қилиш кўзда тутилган.

Фото: “Халқ сўзи”

Тадбир иштирокчиси бўлган Марказий Осиёнинг 5 давлатидан ташриф буюрган экофаоллар йўқотилган яшилликларни компенсация қилиш учун сунъий ўрмонлар яратиш, ёшларнинг экохабардорлигини ошириш, экостартапларни молиялаштириш, электрокарларга ўтганларни рағбатлантириш, ёнилғида юрадиган машиналар катализаторларини яхшилаш эвазига зарарли газларни камайтириш ҳамда экологик муаммоларга машҳур инсонлар ёрдамида одамлар эътиборини қаратиш каби таклифларни илгари суришмоқда.

Тадбир доирасида шунингдек, халқаро экспертлар иштирокида семинарлар, учрашувлар ўтказилиб, Марказий Осиё стратегияси ҳамда “Йўл харитаси” бўйича муҳокамалар ташкил этилмоқда.

Ушбу экофорум 5 октябрга қадар давом этади.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер