Марғилондан хорижга ипак матолари экспорт қилинади

15:32 13 Октябр 2023 Жамият
525 0

Фото: “Халқ сўзи”

Фарғона вилоятининг ипакчилар шаҳри Марғилондаги пиллани қайта ишлаш ва ипак маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Nurli tong silk” фабрикасида жорий йилда кенг кўламли техник ва технологик янгилаш ишлари амалга оширилди.

Фабрикада эндиликда йилига 300 тоннага яқин қуруқ пилла қайта ишланиб, 70 тонна ипак толаси ва ипак момиғи тайёрлаш имконияти яратилди. Шу мақсадда Хитойдан 420 минг долларлик замонавий ип йигириш дастгоҳлари олиб келиб ўрнатилди. Натижада тайёр ипакли маҳсулотлар — ипак матолар ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилиб, жорий йил якунига қадар қарийб 2,5 млн. долларлик маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш режалаштирилмоқда.

— Айни пайтда корхонада 150 та иш ўрни яратилган бўлиб, уларнинг асосий қисмини маҳаллий хотин-қизлар ташкил этади,—дейди Фарғона вилояти “Агро пилла” МЧЖ бошқаруви раиси Мақсуджон Қосимов. —Кейинги йилларда вилоятда ипак матолари ишлаб чиқариш сифати ва салмоғини жаҳон андозалари даражасида йўлга қўйиш мақсадида Хитой, Ветнам давлатлари тажрибасини ўрганиб келдик.

Таъкидлаш ўринли, Фарғона вилоятида жорий йилда ипакчилик саноатида муҳим хомашё бўлган 2 минг 400 тонна пилла ҳосили йиғиштириб олинди. Бугунги кунда вилоятдаги барча қайта ишлаш корхоналарида хом ипак ва ипак момиғи ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, пиллани чуқур қайта ишлаш корхоналарини босқичма босқич жаҳон бозорлари талабига мос ипак матолар ишлаб чиқаришга ўтказиш бўйича тизимли ишлар олиб бориляпти.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер