Марғилон шаҳар ҳокими собиқ ўринбосари ўз уйида осилган ҳолда топилди
Фарғона шаҳар ИИБ навбатчилик қисмидан 30.11.2019 йил соат 11-00 ларда келиб тушган хабарга кўра, Фарғона шаҳар, Ифтихор м.ф.й., Мустақиллик кўчаси, 174-хонадонда яшаган, 15.11.1984 йилда туғилган Тухтаматов Элёрбек Дилижоновичнинг яшаш хонадони ертўласида кабелдан сиртмоқ ясаб, ўзини ўзи осиб вафот этган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати “Халқ сўзи”га маълум қилди.
Мазкур хабар асосида Фарғона шаҳар прокуратураси, шаҳар ИИБ ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Э.Тухтаматов мурдаси суд тиббий эксперт иштирокида кўздан кечирилганда, унинг бўйин юқори соҳасида олдиндан орқага йўналган бир йўлли странгуляцион эгат мавжудлиги аниқланган. Бошқа тан жароҳатлари аниқланмаган.
Э.Тухтаматовнинг ўлими сабабини аниқлаш юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида унинг ўлимига “бўйин аъзоларини ярим қаттиқ жисм билан сиқилиши натижасида юзага келган механик асфиксия” сабаб бўлганлиги кўрсатилган.
Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан ҳозирда терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
Маълумот учун, Тухтаматов Элёрбек Дилижонович, 15.11.1984 йилда Фарғона шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, оилали (расман ажрашмаган), 3 нафар фарзанди бор, маълумоти олий, 2018 йил августдан бошлаб Марғилон шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича 1-ўринбосари лавозимига тайинланиб, 2019 йилнинг апрели ойида ўз хоҳишига кўра эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг