Марғилон шаҳар секторлари раҳбарлари фаолияти қониқарсиз деб топилди
Фото: “Халқ сўзи”
Ташаббус йўқ жойда тараққиёт бўлмайди. Ўз фаолиятини ана шу мезон асосида ташкил этолмаётган раҳбар зиммасидаги масъулиятли вазифани бажаришда қийналади. Ҳудудни ижтимоий–иқтисодий ривожлантириш, хусусий ва кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик, ишлаб чиқариш ва саноат тармоқлари фаолиятини қўллаб–қувватлаш дастурлари ижросида депсиниш кузатилади.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров вилоят секторлари раҳбарлари ҳамроҳлигида Марғилон шаҳрида бўлиб, давлат дастурлари ижроси доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, кичик саноат зоналари фаолиятини ривожлантириш каби йўналишларда олиб борилаётган ишлар билан танишди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ўрганди.
Ўрганишлар якунида шаҳарда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш борасида сектор раҳбарлари фаолияти қониқарсиз эканлиги таъкидланди. Шунингдек, масъулиятсизлик ва боқибеғамлик туфайли электр энергияси, солиқлар бўйича мавжуд қарздорликни камайтиришда ўта сусткашликка йўл қўйилаётгани кескин танқид қилинди.

— Афсуски, бундан уч ой олдин Марғилон шаҳар ҳокими сифатида иш бошлаган Шукуруллохон Нисбатхоновда ташаббускорлик етишмаяпти, — деди вилоят ҳокими. — Шу боис янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, тадбиркорларни янги ютуқлар сари рағбатлантириш борасида етарли даражада иш ташкил этилмаган.
Ўз навбатида шаҳар ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Шу сабабли йўл четидаги ер майдонлари ташландиқ аҳволда , кузги дарахт экиш мавсуми режали ташкил этилмаган. Юзма–юз мулоқотда шаҳар секторлари раҳбарлари фаолияти кескин танқид қилиниб, камчиликларни бартараф этиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, манзарали дарахтлар экиш бўйича режали иш олиб бориш вазифаси ҳамда аниқ муддатлари белгиланди.

Шу билан бирга Марғилонда энергия ресурслари тўловлари ва солиқлар бўйича аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг дебитор қарздорлиги юқори эканлиги, хусусан электр энергиясидан қарийб 25 млрд. сўм, табиий газ таъминоти бўйича 2,5 млрд. сўмдан зиёд дебитор қарздорлик борлигига эътибор қаратилди. Шартнома мажбуриятларини бажармаётган истеъмолчиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилмаётгани айтиб ўтилди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг