Мактаб муаммоси ечимини топди
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Жондор туманидаги 24-умумтаълим мактабида синфхоналарнинг етишмаслиги, боз устига спорт залининг йўқлиги ўқитувчиларга ҳам, ўқувчиларга ҳам ноқулайликлар туғдириб келаётганди. Эндиликда бу масала кун тартибидан тушди.
Билим даргоҳида 120 ўринли янги ўқув биноси ҳамда спорт зали қурилиб фойдаланишга топширилди. 3 миллиард 560 миллион сўм миқдоридаги маблағ эвазига барпо этилган ҳар иккала объект шарофати билан дарсларни бир сменада ташкил этиш, жисмоний тарбия фанида машғулотларни тўлақонли ўтиш шароити юзага келди. Таълим самарадорлигини янада ошириш имконияти туғилди. Бу ўз навбатида, муаллимлар зиммасига ҳам катта масъулият тушаётганини англатади. Улар давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиши, ўз устида ишлаши, ўғил-қизларнинг билимларига билим қўшиш учун куч-ғайратларини аямасликлари муҳимдир. Янги ўқув биноси ва спорт залини фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали тадбирда ана шу алоҳида таъкидланди.
Жондор туманига келсак, ҳудудда ёшларимизнинг рисоладагидек таълим-тарбия олишлари йўлидаги саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Айни пайтда тумандаги 22-, шунингдек, 38-умумтаълим мактабларида ҳам қўшимча ўқув бинолари бунёд этилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг