Маҳаллада йил давомида қулупнай етиштирилмоқда
Фарғона вилоятининг Учкўприк туманининг “Катта Кашқар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи деярли ҳар бир хонадон томорқасида иссиқхона бўлиб, улар лимон, помидор-бодринг, қулупнай, турли кўкатлар етиштириш борасида миришкор ҳисобланади.
Маҳалла раиси Рустамжон Эсоновнинг маълум қилишича, ҳудудда деярли кам таъминланган оила йўқ. Чунки ҳар бир оиланинг йилнинг тўрт фаслида ҳам доимий бандлигини таъминлайдиган деҳқончилик юмушлари, тадбиркорлиги бор. Шу боис бугунги қиш мавсумида ҳам Катта қашқарликлар томорқаларида етиштирилган турли маҳсулотлар харидоргир.
— Йил давомида даромадга эга бўлиш мақсадида иссиқхонамизга 5 минг туп қулупнай кўчати экканмиз, — дейди маҳалланинг энг тажрибали томорқачиларидан бири Эркинжон Мамадиев. — Янги йил арафасида пишиб етилган қулупнай ҳамюртларимиз дастурхонига тортиқ этиляпти. Бозорда қулупнайнинг бир килограмми 100-150 минг сўм эканлиги даромадимиз салмоғини янада оширмоқда.
Айтиш жоиз, маҳалла томорқаларида хориждан келтирилган интенсив кўчатлардан йил давомида қулупнай ҳосили олишга эришиляпти.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг