Маҳаллада 120 ўринли янги ва замонавий боғча фаолият кўрсата бошлади

15:10 08 Февраль 2024 Жамият
279 0

Ургут тумани Деҳқонобод маҳалласида жойлашган 30-давлат мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Ушбу мактабгача таълим ташкилоти кўп йиллар давомида мослаштирилган бинода фаолият юритган бўлиб, 50 ўринга мўлжалланган бино мутлақо талабга жавоб бермайдиган аҳволга келиб қолган эди. Бугун маҳалла аҳлининг орзулари амалга ошиб, янги боғча ишга тушди.

Инвестиция дастури асосида 30-давлат мактабгача таълим ташкилоти 4 миллиард 423 миллион сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига янгидан бунёд этилди. Эндиликда ушбу объектнинг қуввати 120 ўринга етказилди.

“BIG STORY BUILDING” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан қисқа фурсатда қуриб фойдаланишга топширилган муассасада болажонлар учун барча қулайлик яратилган.

— Мактабгача таълим ташкилоти сиғими камлиги ҳам доим муаммоли вазиятларни келтириб чиқарарди, — дейди мудира Мавсума Аҳмедова. — Янги биномизда барча гуруҳларимизга алоҳида хоналар мавжуд бўлиб, болажонларнинг машғулот ўтишлари ва дам олишлари учун зарур қулайликлар яратилди. Мусиқа зали ва ошхонамиз ҳам замон талабларига тўлиқ жавоб беради. Болажонлар учун қуёшдан пана бўлган ёзги ўйингоҳлар ҳам ташкил этилди. Умуман олганда, янги боғчада болажонларга бугунги кун талабига мос таълим-тарбия бериш учун барча имкониятлар мавжуд.

Янги боғчанинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда туман ҳокимлиги ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этиб, юртимизда ёшлар таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибор ҳақида сўз юритди.

Деҳқонобод маҳалласида 7560 нафар аҳоли истиқомат қилади. Мактабгача таълим ёшидаги болалар 661 нафарни ташкил этади. Ҳудудда бундан ташқари ҳозирда замонавий шароитларга эга 1 та нодавлат, 3 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер