Маҳалла замонавий биноли бўлди

12:19 28 Март 2023 Жамият
645 0

Фото: «Халқ сўзи»

Мабодо, ўзингиз истиқомат қилиб турган маҳалла фуқаролар йиғинига йўлингиз тушсаю, у жойлашган бино таъмирталаб, афтодаҳол аҳволда эканини кўрсангиз ҳаёлингиздан «Одамлар ўй-ташвишини енгиллаштиришга масъул масканнинг ўзи мададга муҳтож экан-ку» деган фикр ўтиши тайин. Шу нуқтаи назардан Бухоро вилояти Когон туманидаги «Когон» маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино қурилиб фойдаланишга топширилгани айни муддао бўлди.

654 миллион сўм миқдоридаги маблағ эвазига бунёд этилган бу бинода маҳалла раиси, ҳудуддаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспектори учун алоҳида хоналар ажратилган ва улар ишни самарали йўлга қўйишда қўл келадиган воситалар билан жиҳозланган. Аҳоли нисбатан тиғиз яшайдиган бу маҳаллада шундай кўркам бинонинг қурилиши фуқароларни ҳам хурсанд қилди, албатта. Маҳалла биносининг очилиш маросимида қатнашган аҳоли вакиллари, хусусан, кексалар ана шуни алоҳида эътироф этиб, бу каби ишлар инсон қадрини жойига қўйиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг бир қисми эканини таъкидладилар.

Маълумот тариқасида айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрда қабул қилинган маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига кўра, яқинда Бухоро шаҳри, Пешку, Ғиждувон туманларида ҳам маҳаллалар учун замонавий бинолар барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер