Маҳалла фаоллари энди хижолат чекмайди
Фото: Халқ сўзи
Маҳалла идорасига кўп ҳолларда фуқаролар у ёки бу мушкулига ечим топиш илинжида ташриф буюради. Мабодо, улар умид билан қадам қўйган йиғин биноси эскирган, авария ҳолатида бўлсачи? Унда нажот истаб келган фуқаро кўнглидан «Маҳалламизнинг ўзи мададга муҳтож экан», деган фикр ўтиши тайин.
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги «Ўзбакон» маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ана шуни ўйлаб хижолат чекишарди. Негаки, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида хом ғиштдан қурилган маҳалла биноси деярли батамом абгор ҳолатга келганди.

Туман ҳокимлиги саъй-ҳаракати билан мана шу хижолатпазликка барҳам берилди. Давлат-хусусий шерикчилиги асосида маҳалла учун замонавий бино қурилиб фойдаланишга топширилди. 300 миллион сўм миқдоридаги маблағ эвазига қад ростлаган бинодаги шинам хоналар замонавий мебель жиҳозлари ва компьютерлар билан таъминланган. Ён- атрофни ободонлаштиришда эса маҳаллий тадбиркорларнинг кўмаги асқатди.
Туман марказидан 30 километр узоқликда жойлашган бу ҳудудда 2500 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг