«Маҳалла еттилиги» учун янги бино топширилди

14:00 04 Апрель 2025 Жамият
191 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Маҳалла аҳли ташаббуси билан Бағдод туманидаги «Қашқармакай» МФЙнинг янги биноси бунёд этилиб, «маҳалла еттилиги» учун қулай шароитлар яратиб берилди. Янги бинода еттита хона мавжуд бўлиб, ҳар бир ходим учун алоҳида жой ажратилди. Аҳоли мурожаатларини ўрганиш ва уларнинг муаммоларига ечим топиш учун барча имкониятлар яратилди. Айни пайтда маҳалладаги 1070 та оилада 4 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла нуронийлари ва фаоллари ташаббуси тадбиркорлар томонидан қўллаб-қувватланиб, эзгу мақсад ижобати учун 300 миллион сўмдан ортиқ ҳомийлик маблағи ажратилди. Натижада 8 ойда ушбу бино қад ростлади.

— Бу борада Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 2 апрелда қабул қилинган «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони муҳим дастуриламал бўлмоқда, — дейди Бағдод тумани ҳокими Ғанижон Солиев. — Яқин истиқболда тумандаги ана шундай доимий фаолият кўрсатадиган идораси бўлмаган ёки ижарада ўтирган маҳаллаларда керакли барча қулайликларни муҳайё этиш кўзда тутилган.

Тантанали тадбир қўшалоқ шодиёнага айланиб, маҳаллий солиқларни ундиришда фаоллик кўрсатган «Майлабой», «Қароқчитол», «Қашқармакай», «Самарқанд» маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг ҳар бирига 10 миллион сўм миқдоридаги ваучерлар тақдим этилди. Файзли дастурхон атрофида жамланган маҳалла аҳли қўшалоқ хурсандчиликни унутилмас шодиёна сифатида нишонлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер