Фарғонада Беларус концерни билан ҳамкорликда замонавий мебеллар ишлаб чиқарилади
Фото: Халқ сўзи
Фарғона вилоятида Беларус Республикасининг элликдан зиёд ёғочни қайта ишлаш, қоғоз-целлюлоза ишлаб чиқариш ва мебелсозлик корхоналарини ўзида жамлаган «Беллесбумпром» концерни билан ҳамкорликда замонавий мебеллар ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.
Шу кунларда Фарғонада бўлиб турган концерн раиси ўринбосари Геннадий Диковиский бошчилигидаги делегация аъзолари билан вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда шу масалада дастлабки келишувларга эришилди.
Концерн тасарруфидаги замонавий уй ва офис мебеллари, мебель панеллари ишлаб чиқарувчи Беларуснинг йирик корхоналари раҳбарлари иштирокида ўтказилган мулоқотда Фарғона вилоятида мебелсозлик соҳасида кейинги йилларда эришилаётган ютуқлар эътироф этилди. Шу боис вилоятнинг Қувасой шаҳри ва Бувайда туманида фаолият олиб борувчи мебелсозлик корхоналари билан ҳамкорликда замонавий мебель жиҳозлари ишлаб чиқариш истиқболли эканлиги таъкидланди.
Ўз навбатида Фарғона вилоятида янги ташкил этилиши кўзда тутилаётган корхонада экспортбоп мебеллар, мебель панеллари, шунингдек, уй ва офис эшиклари ишлаб чиқариш бўйича келишиб олинди.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг