Кюдзо Като ва қадим Сурхон воҳаси буддавийлик мероси

17:35 19 Май 2022 Жамият
987 0

Фото: Халқ сўзи

Термиз шаҳрида Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Термиз археология музейи ҳамкорлигида япониялик олим Кюдзо Като таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан ўтказилган халқаро конференция ана шундай номланди. Унда Ўзбекистон ва Япония давлатларининг археолог ҳамда тарихчи олимлари, илмий тадқиқотчилар, соҳа мутахассислари иштирок этди.

Халқаро конференция ишида онлайн иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири А.Абдуҳакимов ўзбек ва япон халқлари дўстлигини янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни дунёга танитишда Кюдзо Катонинг хизматлари беқиёс эканини таъкидлади.

Шунингдек, анжуманда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Тода Шинсуке, «Япония-Ўзбекистон» дўстлик ассоциацияси президенти ўринбосари Фумихилко Като, Нагоё университетининг Ўзбекистондаги вакили Имамура Еиичи, Кюдзо Катонинг рафиқаси Садоко Като хоним, Шарқ фалсафаси институти нашриёт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Кавасаки Кензо ва бошқалар Сока университети профессори, Ўзбекистоннинг «Дўстлик» ва «Шуҳрат» орденлари соҳиби, Термиз шаҳрининг фахрий фуқароси Кюдзо Катонинг Ўзбекистон жанубидаги йирик археологик экспедициядаги фаолияти, олимнинг серқирра қобилияти ҳақида фикр билдирди.

Қайд этилганидек, Кюдзо Като илк марта 1963 йили Ўрта Осиё ҳудудларини томоша қилишга келган. Шу тариқа Ўрта Осиё тарихини ўрганишга қизиқа бошлаган. Натижада Буюк Ипак йўли бўйича илмий тадқиқотлар олиб боришга киришди. Айниқса, инсоният тараққиёти у қадар ривожланмаган бир замонда Буюк Ипак йўлидек йирик тармоқ деярли бутун Евросиё ҳудудини ягона бир ўқ атрофида бирлаштириш ҳодисаси профессорни ўзига ром этди. Шу истак ва интилиш 1965 йили чоп этган «Буюк Ипак йўли чорраҳаларида» номли илк китобига мавзу бўлди.

Сурхондарёликлар учун қадрдон дўстга айланган Кюдзо Като археолог сифатидаги фаолиятини Шўрчи туманидаги Далварзинтепа археологик ёдгорлигида бошлаган. 1984-1994 йилларда Далварзинтепа ёдгорлигидаги илмий тадқиқот, қазув ишларида фаоллик кўрсатди. 1994 йилдан 2016 йил августигача Эски Термизда жойлашган Қоратепа археологик ёдгорлигида илмий қазув ишларини олиб борди. Сока университетида ишлаган кезлари инсоният тарихида энг ноёб ҳодисалардан бўлган Буюк Ипак йўли ва унинг тарихига қизиқувчилар учун «Ўрта Осиё ҳаётида Буюк Ипак йўлининг ўрни» номли тўгарак ҳам ташкил этди. Бундан кўзланган мақсад Буюк Ипак йўли орқали савдо, илм-фан ва тарихни ўрганишгина эмас, балки инсоният тарихидаги ана шундай глобал ҳодисанинг Япония билан алоқасини тадқиқ этишга қаратилган эди.

Олим фаолиятининг яна бир муҳим жиҳати – етук журналист, тадқиқотчи ва таржимон сифатида мамлакатимиз тарихи ҳамда бугунги ҳаётини тарғиб қилишга ўз асарлари билан катта ҳисса қўшди.

— Сурхондарё вилояти тарихини ўрганишда Кюдзо Катонинг илмий археологик фаолияти муҳим ўринга эга. Қарийб 30 йил давомида воҳа ҳудудидаги Далварзинтепа, Эски Термиз ва Қоратепа сингари ёдгорликларда иш олиб борган ўзбек-япон экспедициясининг фаол аъзоси сифатида Кюдзо Като Термизнинг фахрий фуқароси бўлди. Унинг вафотидан сўнг номи абадийлаштирилиб, Шўрчи туманидаги 43-умумтаълим мактабига Кюдзо Като номи берилди, у яшаган хонадон уй-музейига айлантирилди. Термиз археология музейида олим ҳаёти ва ижоди ҳақидаги доимий иш олиб борувчи кўргазма ташкил этилган. Умуман айтганда, умрининг чорак қисмини Сурхондарё тарихини ўрганишга бағишлаган олим ўз навбатида ўзбек-япон халқларининг ўзаро дўстона ва маданий алоқаларини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшгани таҳсинга сазовор, — дейди Сурхондарё вилоят туризм ва маданий мерос бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зебинисо Алимардонова.

Халқаро конференция доирасида Термиз археология музейида «Сурхон диёрига меҳр қўйган япон фарзанди» номли кўргазма очилди.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер