Кундуз куни "фара" ёқиб юриш яна мажбурий бўладими? — депутатлар ИИВга сўров хати киритди
Иллюстратив фото
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р.Кушербаев, жумладан, шундай деб ёзади:
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрелдаги №292-сонли қарори билан йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш киритилиб, куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги белгиланганди.
Ушбу киритилган ўзгартириш кўпчилик фуқаролар томонидан норозилик билан қарши олиниб, бундай ўзгартиш киритишга асослар етарли эмаслиги, транспорт воситаларининг бугунги кундаги техник ҳолати мос келмаётганлиги каби эътирозлар туфайли биз депутатлар ҳам ҳукуматга сўров юбориб, ушбу қарорни ўзгартиришни сўраган эдик.
Шундан сўнг, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 июнда «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 460-сонли қарори қабул қилиниб, мазкур қоиданинг амал қилиши 2021 йилнинг 1 январига қадар кечиктирилган эди.
Муддат ҳам яқинлашиб келмоқда.
Айни вақтда жамоатчилик, хусусан ҳайдовчилар томонидан ушбу тартибнинг 1 январдан кучга кириши кундузги чироқлари автоматик равишда ёнмайдиган янги автомобилга эга бўлмаган фуқароларда жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкинлиги боис, уни бекор қилиш масаласида яна мурожаатлар бўлмоқда.
Ўз ўрнида жойларда ўтказилаётган учрашувлардаги таклифлар ва мутахассисларнинг фикрлари шунингдек, мамлакатимизнинг иқлим шароити, аҳолининг турмуш даражаси, экологик вазият ва имкониятларни инобатга олиб бир гуруҳ депутатлар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига ҳамда Ички ишлар вазирлигига ушбу тартибни бекор қилиш ҳақида яна сўров хати киритдик.
Сўров хатида куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги бўйича талаб автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланмаган автомототранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этмасликни сўрадик.
Умид қиламизки, ҳукумат ва соҳа вакиллари фуқароларимиз мурожаатлари ва фикрлари асосидаги ушбу сўровимизни эътиборсиз қолдирмай унинг ечими бўйича адолатли қарор қабул қилишади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг