Кредитларни қайтарилиши учун Бош вазир ўринбосарлари, ҳокимлар, секторлар ва тижорат банклари раҳбарлари шахсан жавоб беради
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи ярим йилликдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида муаммоли кредитларни қайтариш чора-тадбирларини кўриш зарурлиги таъкидланди.
Қайд қилинишича, 1 май ҳолатига муаммоли кредитлар ҳажми 13,5 триллион сўмга етиб, йил бошига нисбатан 2 баробарга ошган. Соҳалар кесимида олиб қараганди, саноатда — 3 триллион сўм, савдо ва хизмат кўрсатишда — 2,1 триллион сўм, қишлоқ хўжалигида — 1,8 триллион сўм, қурилишда — 978 миллиард сўм, транспорт ва коммуникацияда — 547 миллард сўмлик муаммоли кредитлар юзага келган.
Ҳудудлар кесимида Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг ҳар бирига қарийб 1 триллион сўмдан муаммоли кредитлар тўғри келмоқда.
Бу маблағларни қайтаришга Бош вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, секторлар ва тижорат банклари раҳбарлари шахсан жавоб бериши таъкидланди.
Бош вазир ўринбосарларига вилоят ҳокимлари билан бирга, икки ҳафта муддатда ўз комплексига кирувчи корхоналарнинг муаммоли қарздорлигини тўлиқ хатловдан ўтказиб, иккинчи чорак якунига қадар уларнинг камида 25 фоизини, йил якунига қадар эса 100 фоиз қайтимини таъминлаш бўйича ҳудудлар ва тармоқлар кесимида графикни тасдиқлаш топшириғи берилди.
Ўтган 3 йилда ҳудудий дастурлар доирасида 16 триллион сўмлик кредит ҳисобига амалга оширилган 4,2 мингта лойиҳанинг 50 фоизи, жорий йилдаги 11,5 триллион сўмлик 2,5 мингта лойиҳа бўйича эса 80 фоиз пул тушумлари банкдан ташқарида айланмоқда.
— Бу рақамлар ҳудуд ва тармоқлардаги лойиҳалар фақатгина кредит олиш мақсадида, «кўзбўямачилик» учун амалга ошириляпти, дегани эмасми?! Жойларда кредит ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аксариятида инфратузилмага улаш, технолог, маркетолог топишда ёрдам бериш, маҳсулот бозорини топиш орқали уни сотишга кўмаклашишни йўлга қўйиш бўйича бирорта тармоқ, ҳудуд, сектор ва тижорат банклари раҳбарлари тизимли ишларни ташкил этмаяпти, — деди давлат раҳбари.
Мутасаддиларга икки ой муддатда ушбу корхоналар муаммоларини аниқлаб, уларни «соядан» чиқариш чораларини кўриш топширилди. Бош прокуратура департаментига давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича белгиланган параметрларнинг бажарилиши, рақамларнинг аниқ ёки бўрттириб кўрсатилаётгани, кредитларнинг мақсадли ишлатилиши бўйича кунлик назорат ўрнатиш ва айбдорларга нисбатан қатъий чоралар кўриш топшириғи берилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг