Коррупцияга қарши курашишни ҳамма ўзидан бошлаши керак

10:14 25 Август 2022 Жамият
830 0

Коррупция ва миллий тараққиёт масаласи — юрт тақдири, мамлакат келажаги учун ҳар қачонгидан муҳим ва долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.

Сўнгги йилларда давлат божхона хизмати органларида мазкур иллатга қарши кескин кураш олиб борилмоқда.

Тизим коррупцияга қарши кураш борасида ўзининг алоҳида сиёсатига эга, тизимда ходимларни коррупциядан ҳимоя қилиш борасида барча ҳуқуқий база шакллантирилган.

Жойларда божхона ходимларининг бу борада ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мазкур иллатга қарши уларда иммунитет ҳосил қилиш, уларни «ҳалоллик» вакцинаси билан эмлаш мақсадида мунтазам тарзда ўқув-амалий машғулотлар, профилактик суҳбатлар ташкил этиб борилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан яна бири Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида «Коррупцияга – қарши курашишга барчамиз масъулмиз» мавзусида Давлат божхона қўмитаси Шахсий хавфсизлик бошқармаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Божхона институти масъул ходимлари ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси раҳбарияти ва шахсий таркиби иштирокида бўлиб ўтди.

Давра суҳбати тарзида ташкил этилган тадбирни бошқарма бошлиғи Т.Саидов ўз нутқи билан очиб берди.

Т.Саидов ўз нутқида божхона тизимини коррупциядан холи қилиш Давлат божхона қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари олдида турган энг устувор вазифа эканлиги, бу борада соҳа ходимлари бошқа давлат идораларига намуна бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Давра суҳбатида ўз маърузаси билан иштирок этган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими С.Маманов юртимизда коррупцияга қарши курашиш борасидаги давлат сиёсати ва унинг устувор йўналишлари, қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, коррупцион жиноятлар таҳлили, коррупцияга қарши курашишда «комплаенс-назорат» тизимининг аҳамияти хусусида батафсил маълумотлар бериб ўтди.

Давра суҳбатида таъкидланишича, эндиликда барча давлат органлари коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилади, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларнинг очиқ электрон реестри юритилади, давлат хизматчилари ва уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромади ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади ва ҳар йили якуни бўйича барча давлат органларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтинг эълон қилинади.

2022 йил 1 февраль санасидан ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этган барча давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш “E-Anticor.uz” электрон платформаси орқали амалга оширилади.

Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳолаш рейтингида Давлат божхона қўмитаси 91 балл билан биринчи ўринни қўлга киритди.

Божхона институти катта ўқитувчиси Ф.Ғафуров ўз маърузасида эса божхона органлари фаолиятида коррупциявий ҳолатларнинг содир этилишига таъсир этувчи омиллар, коррупциянинг божхона ходимлари ҳуқуқий, психологик ва диний оқибатлари ҳақида маълумотлар берди.

Ўзаро савол-жавоб, очиқ ва самимий руҳда бўлиб ўтган давра суҳбатида ходимларнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифлари тингланди.

Мухтасар айтганда, коррупция — тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят.

Бу иллатга қарши курашишда ҳам бир божхона ходими жамиятдан, ён атрофдан эмас, балки аввало ўзи ва оиласидан бошлаши зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этган бўламиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер