Коронавируснинг Жанубий Африка Республикаси штамми АҚШгача етиб келди
Коронавируснинг Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) штамми АҚШга етиб келди. У билан биринчи зарарланиш ҳолати Жанубий Каролина штатида аниқланган. Бу ҳақда штат соғлиқни сақлаш департаменти хабар бермоқда.
Бу ерда икки киши ушбу штамм билан зарарлангани маълум бўлган, аммо уларнинг шахси ошкор қилинмаган. Ҳозирча мутахассислар улар қандай юқтириб олгани ҳақида маълумотга эга эмас.
«Ушбу штаммнинг пайдо бўлиши бу хавфли вирусга қарши кураш ҳали тугамаганлигини англатади. Биз «жанг»га тайёр туришимиз керак», дейди департамент директори.
АҚШнинг юқумли касалликлар бўйича бош мутахассиси Энтони Фаучи олдинроқ мамлакатда ЖАР мутациясининг Буюк Британия штаммидан олдин пайдо бўлиши ташвишлантиришини айтиб ўтган эди.
2020 йилнинг 18 декабрь куни ЖАРда коронавируснинг янги тури аниқланди. Ўшанда ЖАР соғлиқни сақлаш вазири мамлакатдаги коронавируснинг иккинчи тўлқини эҳтимол касалликнинг ушбу мутацияси билан боғлиқлигини айтган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг